Нарпайда маст эркак автомашинани олиб қочиб, йўл-транспорт ҳодисасига учради
Воқеа 21 март куни соат 20:30 да Нарпай тумани “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи 27 ёшли И.Ф. томонидан содир этилган.
И.Ф. спиртли ичимлик ичиб, туманнинг Вористон қишлоғи ҳудудидан ўтувчи ички автомобиль йўли четида турган “NEXIA-2” автомашинанинг эшиклари очиқлиги ва калити ўзида эканлигидан фойдаланиб, ушбу автомашинани номаълум томонга олиб қочган.
Сўнгра мазкур автомашинада И.Ф. “Самарқанд-Бухоро” йўналишидаги М-37 автомобиль йўлининг 109-км.да, қарама қарши йўналишда бошқариб бориб “Damas” русумли автомашинаси билан тўқнашган ва ҳодиса жойидан яширинган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида қонунбузар Нарпай туман ИИБ ходимлари томонидан ушланган.
Ҳолат юзасидан Нарпай туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда юқоридаги шахс нима сабабдан ушбу жиноятга қўл урганлиги аниқланмоқда ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.