Самарқандда "Мирзо Улуғбек боғи" барпо этилади

Ижтимоий тармоқларда яқинда таъмирланиб фойдаланишга топширилган Самарқанд шаҳридаги Абдураҳмон Жомий номи билан аталувчи кўчанинг Университет хиёбони билан кесишмасидан бошланган пиёдалар юриш қисми яна бузиб олинаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги маълум қилишича, 2021 йил октябрь ойида А.Жомий кўчасидаги пиёдалар йўлини таъмирлаш ишлари “Толиб бобо” МЧЖ томонидан амалга оширилган бўлиб, кўчанинг Бобур Мирзо кўчаси кесишмасигача бўлган қисми лойиҳада кўзда тутилган ишларнинг айримлари амалдаги ҳолат билан фарқ қилган. Шунингдек, “Конфуций майдони"га ҳамоҳанг тарзда "Мирзо Улуғбек боғи" барпо этилиши лойиҳаси доирасида, ушбу пиёдалар йўлаги архитектура ва шаҳарсозлик талаблари ҳамда дизайни асосида “Толиб бобо” МЧЖ ҳисобидан тартибга келтирилиши назарда тутилган.

Бу ишлар куз-қиш мавсуми якунланиши ҳамда "Мирзо Улуғбек боғи"ни ташкил этилиши лойиҳасини амалга оширилиши жараёнида тўғриланиши режа қилинган бўлиб, жорий йилнинг 1 апрелидан бошланди ва ишлар қисқа муддатда якунланади.

Шу ўринда, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилган янги "Мирзо Улуғбек боғи"га тўхталсак. Боғда аҳоли, айниқса, талабалар ҳамда туристларга мўлжалланган маданий ҳордиқ чиқариш учун шароит қилинади ва турли хил манзарали дарахтлар, ранг-баранг гуллар экилиб, туризм шаҳрига мос келадиган тунги ёритиш чироқлари ҳамда шинам ўриндиқлар жой олади.

Дарвоқе, ҳудуддаги ободонлаштириш-бунёдкорлик ишлари доирасида мавжуд дарахтларга ҳам шикаст етказмаслик эътибордаги асосий масалалардан биридир.