Самарқандда Ўзбекистон ва Япония олийгоҳлари ректорларининг бешинчи форуми ўтказилмоқда

Самарқанд шаҳрида “Билим ва жамият ўртасидаги уйғунлик: инсон тараққиёти ва инновациялар йўлида фанлараро ёндашувлар” мавзусида Ўзбекистон ва Япония олий таълим муассасалари ректорларининг бешинчи форуми бўлиб ўтмоқда.

Форум Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Япониянинг Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган.

Унда Япония томонидан 15 дан зиёд етакчи олий таълим муассасаларининг ректор ва проректорлари, Ўзбекистондан 30 га яқин олийгоҳлар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Япония Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири ўринбосари Ҳироши Масуко, Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кэнжи Хирата, Нагоя университети президенти Наоши Сугияма сўзга чиқди.

- Форум икки мамлакатнинг таълим ва фан соҳасидаги алоқаларини мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади, - деди Қўнғиротбой Шарипов. – Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Ҳозирда мамлакатимиздаги олтита олий таълим муассасаларида япон тили тизимли равишда ўқитиб келинмоқда. Бунда 1184 нафар талаба япон тилини асосий йўналиш ва биринчи чет тили сифатида, 500 дан ортиқ талаба иккинчи чет тили сифатида ўрганмоқда. Ўз навбатида, академик мобиллик бўйича ҳам амалий натижалар қайд этилмоқда. Хусусан, Япония олийгоҳларида 2315 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Форумни ташкил этишдан мақсад университетлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаб, ҳамкорликни аниқ натижа берувчи лойиҳаларга айлантиришдан иборат.

Анжуман икки мамлакат олий таълим муассасалари раҳбарлари, нуфузли экспертлар маърузалари билан давом этмоқда. Таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, инсон капиталига сармоя киритиш, фанлараро ёндашувлар асосида интеллектуал жамиятни шакллантириш ҳамда қўшма илмий-тадқиқот йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилмоқда. Шунингдек, форум доирасида икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Форум иши эртага ҳам давом этади.