Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Самарқандда O’zLiDePнинг юз мингинчи аъзоси” акцияси ғолиби аниқланди

Бугун Марказий банкнинг Самарқанд вилояти Бош бошқармасида O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан эълон қилинган “Самарқандда O’zLiDePнинг 100 мингинчи аъзоси” акцияси тадбирининг финал босқичи бўлиб ўтди.

Унда вилоятдаги партия фаоллари, тарафдорлари ва аъзолари ҳамда вилоятдаги тижорат банкларида фаолият юритаётган, партия сафига кириш истагини билдирган ёшлар иштирок этишди.

 “Самарқандда O’zLiDePнинг юз мингинчи аъзоси” акцияси доирасида 100 га яқин корхона ва ташкилотларда тарғибот тадбирлари ўтказилиб, вилоят миқёсида 14 000 дан ортиқ янги аъзолар қабул қилинди.

 Таҳлилларга кўра, Марказий банк Самарқанд вилоят бош бошқармаси ходими Умидахон Ниязова “Самарқандда O’zLiDePнинг юз мингинчи аъзоси” акцияси ғолиби деб топилди. У. Ниязова тантанали равишда партия сафига қабул қилинди.  Уч миллион етти юз мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Самарқанд вилоятида O’zLiDePнинг юз мингинчи аъзоси бўлиш бахтига мушарраф бўлган юртдошимиз партияга аъзолик гувоҳномаси, O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган 100 та совға ҳамда махсус статуэтка билан тақдирланди.

- O’zLiDeP  партиясининг Самарқанддаги 100 мингинчи аъзоси бўлиш мен учун катта шараф, келажакда партиянинг фаол аъзоларидан бири бўлишга ҳаракат қиламан, - деди У. Ниязова.

Тадбир доирасида 30 дан ортиқ банк ходимлари партия сафига қабул қилинди. Партия Уставига мувофиқ партия аъзолигига қабул қилинганлар сони ҳисобга олинган ҳолда Марказий банк Самарқанд вилоят бош бошқармасида партия аъзоларини бирлаштирган бошланғич партия ташкилоти тузилиб, махсус рақамланган гувоҳнома топширилди.

Бахтигул Қаршиева,

O’zLiDeP Самарқанд вилоят

Кенгаши матбуот котиби.