Ижтимоий тармоқларда кўринмаётганимиз, ишламаётганимизни билдирмайди
Жорий йилнинг 11 октябрь куни Zarnews.uz сайтида эълон қилинган “Зарафшон” газетаси мухбири Ёқуб Гадоевнинг “Сайловларда қайси партия кўпроқ имкониятларга эга?” сарлавҳали мақоласидаги айрим фикрларга O‘zLiDeP Самарқанд вилояти кенгаши муносабат билдирди.
Унда шундай дейилади:
“Бугун Ўзбекистонда сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги, фуқароларнинг қарашларини очиқ-ошкора ифода этишни амалда таъминлаш учун барча шарт-шароит яратилган. Аммо бу хоҳлаган гапни гапириш, дегани эмас, балки айтилган ҳар бир сўз, билдирилган фикрнинг асосли бўлиши учун масъулиятли бўлиш талаб этилади.
O‘zLiDeP Самарқанд вилояти кенгаши жорий йилнинг 11 октябрь куни Zarnews.uz сайтида эълон қилинган “Сайловларда қайси партия кўпроқ имкониятларга эга?” сарлавҳали мақола фактларга таянмасдан ёзилган, деб ҳисоблаймиз.
Мақолада муаллиф Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси ҳақида фикр юритар экан, мамлакатда етакчи партия эканлиги эътироф этган: “Бунга уларнинг сайловолди дастури ёки таниқли сиёсий етакчиларга эгалиги сабаб бўлгани йўқ. ЎзЛиДеПнинг бошқаларга нисбатан устунлиги шундаки, мамлакатнинг амалдаги Президенти айнан шу партиядан кўрсатилганлигидадир”.
Ваҳоланки, партиянинг етакчилиги - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига ўтказилган сайловларда ғалаба қозонган депутатлар ва аъзолар сони билан белгиланади. O‘zLiDeP ташкил этилганидан буён 3 маротаба сайловларда қатнашган бўлса, уларнинг барчасида катта фарқ билан ғалаба қозонган.
Жумладан, охирги 2014 йилда ўтказилган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 135 та сиёсий партиялар депутатлик ўринларининг 52 таси, яъни 38,5 фоизи O‘zLiDePдан сайланган. Шу йили халқ депутатлари вилоят кенгашига сайланган 60 та депутатнинг 25 таси, яъни 41,6 фоизини O‘zLiDePнинг номзодлари эгаллаган. Бугун партия аъзолари сони республика миқёсида 700 мингдан ортиқ бўлса, уларнинг вилоятдаги сони 100 мингдан ошди.
Мақолада, шунингдек, ўтган галги сайловларда вилоятимиздан парламент қуйи палатасига 14 нафар депутат сайлангани, 3 нафар депутатлар ижро ҳокимиятига ишга ўтганлиги боис депутатлиги тугатилганини баён қилар экан, вилоятимиздан сайланган бошқа депутатларни яқин ўртада вилоятда учратмаганлигини айтади.
Ушбу маълумот бўйича ҳам муаллифга O‘zLiDeP Самарқанд вилояти кенгашининг эътироз борлигини маълум қилади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси O‘zLiDePдан сайланган депутатлар ҳар ойнинг охирги ҳафтасида 3-4 кун Самарқанд вилоятидаги сайловчилар билан учрашувлар ўтказади.
Масалан, 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида аҳоли билан ўтказган учрашувлари жараёнида 58-Паст Дарғом сайлов округидан сайланган депутат Тўлқин Эшназаровга 200 га яқин мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилотларга 50 дан ортиқ депутатлик сўровлари йўлланган ва депутат томонидан “Жума-Қарши” йўлининг 22 километрини таъмирлаш Давлат дастурига киритилиб, капитал таъмирланмоқда. Яна, Паст Дарғом тумани Зангибой МФЙ ёпилиб кетган қишлоқ врачлик пунктини қайта ташкил қилиб, таъмирдан чиқарилиши, Машъал маҳалласидаги ҚВПни қишлоқ оилавий поликлиникасига айлантириш ва капитал таъмирлаш, шу маҳалладаги тадбиркорга давлат-хусусий шерикчилик асосида боғча қуриш учун ер ажратиш, Ўрта Чимбой МФЙда 150 ўринли боғча қурилиши бўйича келиб тушган мурожаатларга кўра, депутат томонидан ташаббус кўрсатилган. Бундан ташқари, 10 дан ортиқ мурожаатчиларнинг саломатлигини тиклашда депутатлик сўрови асосида амалий кўмак берилган.
51-Суғдиёна сайлов округидан сайланган депутат Адҳам Шодмонов Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раҳбари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари лавозимида фаолият кўрсатмоқда. А.Шодмонов томонидан охирги 9 ой мобайнида 100 га яқин мурожаатлар келиб тушган бўлиб, турли ташкилот ва идораларга тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларга кредитлар ажратиш ва бошқа бир қатор ижтимоий муаммоларни ҳал этиш борасида 40 га яқин депутатлик сўровлари чиқарилган. Буларнинг барчаси ижобий ҳал этилган. Айрим мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар ва кўрсатмалар берилган.
O‘zLiDeP депутатлари томонидан ижобий ҳал этилган муамммоли масалалалар партиянинг расмий веб-сайти uzlidep.uz, Zarnews.uz сайтлари шунингдек, “Zarafshon” ва “XXI asr” газеталари ва партия вилоят кенгашининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида мунтазам ёритиб борилади”.
O‘zLiDeP Самарқанд вилояти кенгаши матбуот хизмати.