Депутат Толиббой Эшмонов мурожаатчининг бепул даволанишига ёрдам берди
Самарқанд шаҳрида ўтказилган тадбирларда, Беруний кўчаси, 52-уйда яшовчи, I гуруҳ ногирони, 74 ёшли Дилбар Нурмаматова томонидан саломатлигини тиклашда амалий кўмак сўралган мурожаат келиб тушди.
- Мен 18 ёшимда тут дарахтидан йиқилиб, икки оёғим шол бўлиб қолган. Шундан умрбод ногиронлик нафақасига чиқсам-да, уйда ўтирмаганман. Иккита қўлтиқтаёқ билан ўқидим. Қатор йиллар ҳисобчи бўлиб халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилдим. 45 йиллик меҳнат стажига эгаман. Бугунги кунда тез-тез саломатлигим ёмонлашаяпти. Қоним камайиб кетиб, мадорсиз бўлиб қолаяпман. Яқинда шифохонада даволаниб чиқишимга қарамай яна саломатлигим ёмонлашди. 800 минг сўмдан кўпроқ нафақа оламан. Фарзандларим йўқ. Менга имтиёзли даволанишда ёрдам берсангиз, -дейилган мурожаатда.
Мазкур мурожаат юзасидан халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати Толиббой Эшмонов Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига депутатлик сўров йўллади. Сўровга жавобан, мурожаатчи Дилбар Нурмаматова тиббий кўрикдан ўтказилиб, Самарқанд шаҳар Тиббиёт бирлашмасига даволаниш учун ётқизилган.
Рамазон ойи арафасида депутат Толиббой Эшмонов мурожаатчининг ҳолидан хабар олгани шифохонага борди.
- Мен O’zLiDeP партиясига, хусусан депутат Толиббой Эшмоновга миннатдорчилик билдираман. Партия фаоллари туфайли саломатлигимни анча тиклаб олдим. Шифохонада барча муолажалар бепул амалга оширилмоқда. Шифокорларга ҳам катта раҳмат! -деди суҳбатда Дилбар опа.
Ташриф давомида депутат шифокорлар билан суҳбатлашди.
- Бемор Дилбар Нурмаматова касалхонамизга ётқизилганида оғир аҳволда эди. Қондаги гемоглобин миқдори тушган, бош айланиши, мадорсизликдан шикоят қиларди. Унга ички қон кетиш ташхиси қўйилди. Тиббиёт бирлашмамиз томонидан барча чоралар кўрилиб, икки маротаба қон ва плазма қўйилди. Ҳозирда аҳволи анча яхши. Беморнинг касали сабабини аниқлаш борасида дастлабки текширувлар ўтказилди. Гастроскопия текширувлари қизилўнгач, ошқозон соҳалари соғлом эканлиги маълум бўлди. Энди беморни Колоноскопия текширувларидан ўтказишимиз керак. Ушбу муолажани ўтказиш ускунаси бизда йўқлиги боис хусусий клиника билан келишдик. Кардиолог рухсатини олиб, беморнинг йўғон ичаги текширилгач, тўлиқ ташхис қўйилиб, даволаш муолажалари давом эттирилади,- деди суҳбатда Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокор ўринбосари Дилафрўз Маҳмудова.
- O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан “Хонадонма-хонадон” лойиҳаси доирасида 11 мингдан ортиқ хонадонларга кирилиб, аҳоли муаммолари ўрганилди. Келиб тушган мурожаатлар юзасидан 200 га яқин депутатлик сўровлари чиқарилди. Биргина 2019 йилнинг 4 ойи мобайнида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига 30 га яқин сўровлар чиқарилган бўлиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди, - дейди O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири Нодир Тўраев.
Бахтигул Қаршиева,
O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.