Самарқандда қизил тоифадаги мактаблар сони камайдими?
Бугунги кунда вилоятда жами 1262 та мактаб мавжуд бўлиб, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи, яъни тўплаган ўртача балига қараб яшил, сариқ, қизил, тўқ қизил мактаблар тоифаларга ажратилади. ДТМ синовларида битирувчилари паст натижа кўрсатган мактаблар тўқ қизил тоифага киритилган.
Жорий йилда вилоятда қизил тоифадаги мактаблар сони 120 тага камайган. 2020-2021 ўқув йилида қизил тоифадаги (ДТМ тест синовларидан 56,7 балдан 76,5 балгача тўплаган) мактаблар сони 804 та бўлса, 2021-2022 ўқув йилида 684 тани ташкил этган.
Сариқ тоифадаги мактаблар (ДТМ синовларида 75,6 балдан 94,4 балгача) сони эса ўтган йилга нисбатан 104 та кўпайган. Яъни, 2020-2021 ўқув йилида уларнинг сони вилоятда 344 тани ташкил этган бўлса, 2021-2022 ўқув йилида 448 тага етган. Қувонарлиси, яшил тоифадаги мактаблар (ДТМ синовларида 94,5 балдан юқори балл тўплаган) сони жорий йилда 11 тага ортган. Таҳлилларга мурожаат қилсак, 2020-2021 ўқув йилида 27 та мактаб яшил тоифадаги мактаблар рўйхатига киритилган бўлса, 2021-2022 ўқув йилида уларнинг сони 38 тага етган.
Вилоят бўйича тўқ қизил (56,7 балдан паст балл тўплаган) мактаблар сони жорий йилда 67 тани ташкил этмоқда. Ҳозирда қизил ва тўқ қизил тоифадаги мактаблар сонини камайтириш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилда мутахассис ва иккинчи тоифали 8000 нафардан ортиқ ўқитувчилар “мобил методик гуруҳлар”да олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, шунингдек, олий ҳамда биринчи тоифали ўқитувчилар томонидан ўқитилди. Бундан ташқари, вилоятдаги педагог мутахассислар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда “мобил методик гуруҳлар”нинг тренерлари кўрсаткичи паст мактабларга бириктирилган. Шунингдек, барча мактабларда абитуриентлар штаблари ташкил этилган. Ушбу штабларда Давлат тест маркази билан ҳамкорликда тест синовлари ташкил этилмоқда.
Бахтигул Қаршиева,
вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот котиби.