Самарқандда қурилиш билан боғлиқ қанча қонунбузилиш ҳолатлари кузатилган?

Ўтган йили вилоятда Инвестиция ва “Обод қишлоқ” дастурларига киритилган объектлар қурилиши бўйича 2449 та объект рўйхатга олинган.

Мазкур объектларда лойиҳа ва зилзилабардошлик талабларига мувофиқлиги юзасидан Самарқанд вилояти қурилиш назорати инспекцияси томонидан 2058 та текшириш ўтказилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан 1169 та ёзма кўрсатмалар берилган.

Инспекция томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган буюртмачи-пудратчи корхона ва ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддасида белгиланган жавобгарлик масаласини ҳал этиш бўйича 23 та ҳужжатлар тўплами тегишли суд органларига юборилган.

Объектлар қурилишидаги аниқланган 107,5 миллион сўм ҳажмдаги сифатсиз ишларни чегириш далолатномалари тузилган ва иш ҳажмларидан қайтарилиши тўғрисида буюртмачи-пудратчиларга кўрсатмалар берилган.

Бундан ташқари, 2019 йилда вилоятда шаҳарсозлик соҳасида қурилишга рухсат берувчи ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилмасдан, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талаблари бузилган ҳолда амалга оширилаётган бир қатор қурилиш ишлари аниқланган. Ушбу ишлар бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ваколат доирасида ноқонуний қурилиш ишларини бартараф этиш учун туман (шаҳар) ҳокимликларига юборилган.

Жумладан, Самарқанд шаҳрида аниқланган 8 та ноқонуний қурилиш ишлари бўйича мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик масаласини ҳал этиш бўйича ҳужжатлар тўплами тегишли суд органларига юборилган.

Шунингдек, инспекция қошидаги лабораторияда қурилиш синов-таҳлилларини ўтказиш учун 344 та буюртмачи-пудратчи ташкилотлар билан тузилган шартномалар асосида 967 миллион сўмлик, бино ва иншоотларни техник кўрикдан ўтказиш хизматлари кўрсатиш бўйича 103 миллион сўмлик хизматлар кўрсатилган.

Давлат хизматлари кўрсатиш маркази орқали қурилиши тугалланган объектларни қабул қилиш ва фойдаланишга топшириш юзасидан жисмоний ва юридик шахслардан тушган 2713 та аризалар кўриб чиқилган. Қурилишга рухсатнома (хабардор этиш) бериш орқали 968 та аризалар кўриб чиқилиб, 903 та қурилишга рухсатномалар берилган.

Шокир ИЛМУРАТОВ,

Самарқанд вилояти қурилиш назорати инспекцияси бошлиғи.