Самарқандда “TalabaExpo – 2025” касблар кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

Самарқанд шаҳридаги Университет хиёбонида олий таълим ташкилотлари битирувчи талабалари учун “TalabaExpo – 2025” касблар кўргазмаси ўз ишини бошлади.

Тадбир очилишида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, СамДУ ректори Рустам Холмуродов, Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги департамент бошлиғи Абдували Холиқов, “Келажакка қадам” маркази директори Элмурод Ҳошимов сўзга чиқиб, олий таълим битирувчи-ёшларини касб-ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, илғор тадбиркорлик ва стартап ғояларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида яратилган шароитлар ҳақида гапирди.

Кўргазма “Келажакка қадам” дастури, “Долзарб 90 кун” доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ўзмиллийбанк” АЖ, Савдо-саноат палатаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида битирувчилар бандлигига кўмаклашиш мақсадида ўтказилмоқда.

Мазкур кўргазмада мамлакатимиздаги 300 га яқин йирик иш берувчи корхоналар, тижорат банклари ҳамда 20 минг нафардан зиёд талаба-ёшларни бир жойда жамлаш режалаштирилган.

Ушбу кенг қамровли тадбир битирувчи талабалар учун реал иш имкониятлари, мос касбни танлаш ва келажакдаги фаолиятни белгилашда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.

Икки кун давом этадиган кўргазмада “Талаба – келажак” битирувчилар билан мулоқот, семинар-тренинглар, бизнес ва стартап лойиҳалар тақдимоти, олийгоҳлар билан танишув, имтиёзли кредитлар, маданий шоу ва мусиқий кечалар ўтказилади.