Самарқанднинг қадимий қоғози: Биз бу ҳақда нималарни биламиз?

Конигил – Самарқанд туманидаги Самарқанд қоғози, кулолчилик, дурадгорлик ва бошқа ҳунармандчилик анъаналари бугунги кунга қадар сақланиб қолган ҳудуд саналади. Бу ерга маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар келиб, халқимизнинг қадимий анъана ва қадриятлари, миллий ҳунармандчилик намуналари билан танишишади. Жумладан, тарихий Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш жараёнлари, конигиллик кулолларнинг иши сайёҳларни ўзига ром этиб, уларни бу манзилга чорлайверади.

Қуйида сизларни Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш жараёни билан таништирамиз.

Таъкидлаш лозимки, 1998 йилда самарқандлик уста ҳунарманд Зариф Мухторов "Конигил мерос" хусусий корхонасини ташкил этиб, бу ерда кейинги бир неча асрлардан буён унут бўлиб келаётган қадимий хайрли ишни қайта тиклади. Бу - қимматбаҳо Самарқанд қоғози ишлаб чиқариш эди. Қисқа вақт орасида бу ердан маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг қадами узилмай қолди. Негаки, қўлда, оддий усулда қоғоз ишлаб чиқариш ва ундан турли маҳсулотлар тайёрлаш жараёни кўпчилик учун жуда қизиқ.

Дарвоқе, «Конигил мерос» хусусий корхонаси раҳбари Зариф Мухторовнинг бу хизматлари давлат даражасида эътироф этилди. Уста ҳунарманд ва тадбиркор Президентимизнинг 2021 йил 25 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

Келинг, Самарқанд қоғози тайёрланиш жараёнини бирга кузатамиз. Аввало, юқорида айтганимиздек, бугун Конигил қишлоғида бўлган киши бу ерда қадимий Самарқанд қоғози тайёрлаш жараёнларига қизиқиб қолади ва беихтиёр усталар иши билан танишиб боради.

- Жаҳоннинг кўплаб давлатларида қадимдан қоғоз тайёрлаш технологияси бўлган, - дейди «Конигил Мерос» корхонаси раҳбари Зариф Мухторов. - Мисрда папирусдан тайёрланган қоғозлар, шарқда хитой ва япон қоғозлари бунга мисол бўла олади. Самарқанд ипак қоғози эса ўзининг умрбоқийлиги, силлиқлиги, ҳар икки томонига ҳам ёзиш мумкин бўлганлиги, сувда ивимаслиги билан шуҳрат қозонган. Бугунги кунда кунига 100–110 дона турли ҳажм, зичлик ва ранглардаги қоғоз ишлаб чиқаряпмиз.

Шунингдек, Самарқанд қоғозидан кийимлар, йўл халталари (сумка) тайёрланяпти. Уларни ювиб, узоқ вақт ишлатса бўлади.

Дарвоқе, Самарқанд қоғози билан ном таратган Конигил қишлоғининг инфратузилмаси бугунги кунда яхшиланиб, бу ер янада кўркамлашмоқда. Бу туризм қишлоғида маданий-кўнгилочар дастурлар ташкил этиш учун имконият яратилмоқда, биноларнинг тарихий қиёфаси тикланяпти. Меҳмон уйлари, овқатланиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйиляпти. Меҳмонларнинг табиат қўйнида дам олишлари ҳамда сайр қилишлари учун Сиёб ариғи атрофида пиёдалар йўлаги, дам олиш масканлари ташкил этилди.

Бундан ташқари, Конигил қишлоғида зиёрат, агро, саноат, тиббиёт ва бошқа туризм йўналишлари ташкил этилади. Шунда Самарқанд қоғозининг довруғи янада ошади.

Акрам Ҳайдаров,
Бахтиёр Мустанов.