Самарқандда Туркманистон кинолари намойиш этилмоқда

Президентимизнинг 2017 йил 28 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркманистон Республикасига давлат ташрифи мобайнида эришилган келишувларни амалга ошириш тўғрисида”ги фармойиши, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар соҳалардаги режаларга асосан ташкил этилган мазкур тадбир икки кун давом этади.

Туркманистонлик киноижодкорлардан иборат делегация аъзолари дастлаб Самарқанд шаҳридаги қадимий қадамжолар ва диққатга сазовор жойларда бўлишди.

– Икки давлат ўртасидаги дўстлик ва маданий ҳамкорлик алоқалари йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда, – дейди Туркманистон телевидение, радиоэшиттириш ва кинематография давлат қўмитасининг кино ишлаб чиқариш бош координатори, кино ва театр актёри Т.Оллояров. – Ўзбек-туркман халқлари ўзаро асрий урф-одатлари ҳамда орзу-умидларининг муштарак экани билан ҳам бир-бирига жуда яқин. Келгусида қадриятларимиз ва одатларимиз умумлашган киноларни ҳамкорликда тайёрлаш ниятимиз бор.  

Тадбир доирасида “Республика кинопрокат маркази” давлат унитар корхонаси Самарқанд вилоят филиалида туркман киноижодкорлари томонидан тайёрланган туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули ҳаётига оид “Махтумқули” номли бадиий фильми намойиш этилди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.