Самарқандда уч нафар ёш йигит автомашинадан 3 миллионга яқин пулни ўмаргани аниқланди

Жорий йилнинг 18 август куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 7-сон ИИБга Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган А.Д. ариза билан мурожаат қилди.

У ўз аризасида 8 август кунидан 9 август кунига ўтар кечаси соат 02:00 ларда номаълум шахс, унинг Самарқанд шаҳар Оби Машхат кўчасида ўзининг яшаш хонадони олдида турган “Ласетти” русумли автомашинасининг олд эшигини номаълум усулда очиб, ичида бўлган 2.800.000 сўм миқдоридаги пуллар ва бир дона баҳоси 100.000 сўм бўлган “8Х” номли эркаклар атирини яширин равишда талон-тарож қилиб, воқеа жойидан яширинганлигини маълум қилган.

Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 7-сон ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни Самарқанд шаҳар А.Адхамов кўчасида яшовчи, 1998 йилда туғилган С.П., Самарқанд шаҳар Инқилоб кўчасида яшовчи, 1998 йилда туғилган К.А. ва Самарқанд шаҳар Хўжа Дониёрбек кўчасида яшовчи, 2000 йилда туғилган К.А.лар олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб содир қилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар берди Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.