Самарқандда вилоят ҳокими олимпиадаси бўлиб ўтмоқда

Бугун вилоятдаги барча олий таълим муассасаларида вилоят ҳокими олимпиадаси бўлиб ўтмоқда. Ёшлар ойлиги доирасида ташкил этилган ушбу олимпиадага туман (шаҳар)лардан иқтидорли 10-11-синф ўқувчилари жалб қилинган.
Ҳар бир олий таълим муассасаси ўзларига бириктирилган фанлар бўйича ўқувчиларнинг билимини синовдан ўтказяпти. Масалан, Ўзбекистон-Финландия педагогика институти она тили ва адабиёт, ўзбек тили фанларидан, Самарқанд давлат тиббиёт университети кимё фанидан, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти математика фанидан ўқувчилардан имтиҳон оляпти. Қолган фанлардан ҳам бириктирилган олий таълим муассасаларида жараёнлар давом этяпти.
Тест саволлари ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан тайёрланган.
Имтиҳон жараёнлари шаффоф ўтишини таъминлаш учун вилоят ҳокими олимпиадасини ота-оналар ва ўқитувчилар онлайн кузатиб бориш имкони ҳам яратилган.