Самарқандда халқаро тадқиқотларга қандай тайёргарлик кўрилмоқда?
Вилоят халқ таълими тизими тасарруфида бугунги кунда 1249 та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд бўлиб, уларда халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришни ташкил этиш бўйича мактабларнинг географик жойлашуви ва ўқитувчилар сифат таркибидан келиб чиқиб, туман, шаҳарлар кесимида жами 32 та таянч мактаблар белгиланган.
Жумладан, Каттақўрғон шаҳрида 1 та, Самарқанд шаҳар, Булунғур, Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Қўшработ, Нарпай, Нуробод, Оқдарё, Паст Дарғом, Пайариқ, Пахтачи, Тойлоқ, Самарқанд туманларида 2 тадан, Ургутда 3 та таянч мактаблар ташкил этилган.
Ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлигини баҳолаш бўйича PISA-2022 халқаро дастури доирасида тажриба-синов жараёнлари 2021 йил 1-4 май кунлари 4 та (Каттақўрғон тумани 35-, Нарпай тумани 10-, 52-, Паст Дарғом туманидаги 55-умумий ўрта таълим мактаби)да ўтказилди. Тадқиқот жараёнлари компьютерда олинди, н натижалар кўриб чиқилмоқда.
Самарқанд шаҳар 35-умумий ўрта таълим мактаби карантинда бўлганлиги сабабли халқаро дастур доирасида тажриба-синов жараёнлари ўтказилмади.
Халқаро баҳолаш тадқиқотларига тайёргарлик кўриш бўйича Каттақўрғон тумани 17-умумий ўрта таълим мактабида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорликда “Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришда таянч мактабларнинг ўрни ва аҳамияти” мавзусида Республика ўқув-амалий семинари ўтказилди. Семинарда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Тошкенбоев сўзга чиқиб, Самарқанд вилояти умумтаълим муассасаларининг миллий рейтингдаги натижалари қониқарсиз бўлганлиги, эндиликда ушбу камчиликларни босқичма-босқич бартараф этиш, вилоятда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш инспекция ва халқ таълими бўлим ва бошқармалари олдидаги долзарб вазифа бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Ушбу ўқув-семинарда вилоятда халқаро тадқиқотларга тайёргарлик ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида таянч мактаблар сонини 32 тадан 52 тага ошириш бўйича Халқ таълими вазирлигига таклиф киритилди.
Шунингдек, ҳафтанинг жумани куни “Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик куни” деб белгиланди.
Жўрабек Ишмуродов,
вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи.