Самарқандда хорижга чиқиш паспорти расмийлаштирувчи яна бир бўлим очилди

Самарқандда ҳужжатларни йиғиш ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириш учун яна битта пункт очилди. Бу - вилоят бўйича худди шундай хизматни амалга оширувчи 19-манзил саналади.

Хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш истагида бўлганлар сони кўп бўлгани учун Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган ушбу бўлим Самарқанд шаҳридаги 5-ички ишлар бўлими ҳудудида жойлашган. Эндиликда шу яқин атрофдаги аҳоли ўз ҳудудидаги ички ишлар бўлимидан хорижга чиқиш паспортларини расмийлаштириш имконига эга бўлди.
Таъкидлаш ўринлики, Самарқандда ИИБ миграция ва фуқароларни расмийлаштириш бўлимлари тасарруфидаги мавжуд 19 та йиғиш пунктларида 2025 йил бошидан буён 29 минг 945 нафар фуқарога хорижга чиқиш биометрик паспорти, 733 минг 500 нафар фуқарога ID-карталари расмийлаштириб берилган.