Самарқандда хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган 18 та мактаб ташкил этилади

Ихтисослаштирилган мактабларга вилоятдаги олий таълим муассасалари бириктирилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими қарор қабул қилди.

Қарорга кўра, ҳар йили туман (шаҳар)даги мактабларни хорижий тилларни ўқитиш учун зарур бўлган адабиётлар, асбоб-ускуналар, замонавий ахборот технологиялари билан таъминлашга маҳаллий бюджетдан 1 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилади.

Шунингдек, ушбу умумтаълим муассасаларига малакали хорижий мутахассислар жалб этилади. Вилоятдан камида икки нафар инглиз тили ўқитувчиси, бир нафар бошқа хорижий тил ўқитувчисининг хорижий давлатларга қисқа муддатли малака оширишга юбориш тизими йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, 2021 йилда хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган 18 та мактабни техник воситалар билан жиҳозлаш мақсадида 2322,0 миллион сўм маблағлар маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратилади.