Самарқандда йил охиригача йирик тоннель ишга тушади

Айни кунларда “Aбу Даби тараққиёт жамғармаси иштирокида Самарқанд шаҳрида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида шаҳарнинг Гагарин ва Рудакий кўчалари кесишмасида тоннел қурилиши ҳамда мавжуд коммуникация тармоқларини кўчириш ишлари олиб борилмоқда.

Қурилиш-таъмирлаш ишларини “Меъмор Ўткир Човка” МЧЖ қурувчилари олиб бормоқда.

- Янги қурилаётган йўл ўтказгич тоннели “Aбу Даби тараққиёт жамғармаси”нинг лойиҳа қиймати 18 миллион АҚШ доллари ҳисобидан бунёд этилмоқда, - дейди “Меъмор Ўткир Човка” МЧЖ бошлиғи Умид Рўзметов. – Ҳозиргача объектимизда 5200 метр узунликдаги бетон устунлар ўрнатилди. Чорраҳанинг икки томонида 800 метр узунликдаги электр энергияси, 1200 метр табиий газ ҳамда ичимлик сув тармоқлари хавфсиз жойга кўчирилди.  Шунингдек, ер ости тоннели ҳудудидан ўтган ва унга туташ ҳудудлардан 2300 метр узунликдаги турли ҳажмдаги канализация ҳамда интернет алоқа тармоқларининг ҳам жойлари ўзгартирилди.

Мазкур қурилиш объектида 12 та турли махсус ва юк машиналари, 80 нафардан зиёд қурувчилар кечаю-кундуз меҳнат қилмоқда. Улар томонидан кунига 100 метрдан зиёд ҳудуд бетонлаштирилиб, 150 метр канализация тармоқлари ётқизилмоқда.

- Қурилиш-монтаж ишлари ишчиларнинг тўлиқ меҳнат хавфсизлигини таъминлаган ҳолда олиб бориляпти, - дейди корхонанинг меҳнат хавфсизлиги бўйича муҳандиси Исроил Аҳмедов. – Улар учун овқатланиш, ювиниш ва бўш вақтларида ҳордиқ олишлари учун дам олиш хоналари тайёрлаб қўйилган. 

Ҳозирда қурилиш корхонаси қурувчилари Гагарин ва Мирзо Улуғбек кўчалари чорраҳасидаги тоннелда ҳам сўнгги техник ва пардозлаш ишларини якунлашмоқда. 

Шунингдек, қурувчилар Гагарин кўчасидаги ишларини давом эттириб, Қорасув массиви йўналишидаги темирйўл кўпригини қайтадан таъмирлаб, Сиёб канали устидан янги автомобиль йўлини ўтказувчи осма кўприкни ҳам бунёд этишади. 

Ўтган йили ноябрь ойида бошланган тоннель қурилиши жорий йил якунигача фойдаланишга топширилади.

Дилмурод Тўхтаев,

Б.Мустанов олган суратлар.