Самарқандда йирик чиқиндини қайта ишлаш заводи қурилиши кутилмоқда

Мазкур завод ишга тушгач, кунига минглаб тонна чиқинди қайта ишланиб, электр энергияси олинади.

Президент Шавкат Мирзиёев маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Юртимизда йилига 14 миллион тонна чиқинди ҳосил бўлади. Лекин уларнинг атиги 4-5 фоизи қайта ишланади. Чиқинди полигонларидан 7 миллион тоннадан зиёд иссиқхона газлари атмосферага чиқади, 43 минг тонна заҳарли фильтратлар ер остига сингади.

Чиқиндиларни қайта ишлаш орқали ҳам унинг табиатга таъсирини камайтириш, ҳам фойда олиш мумкин. Шу мақсадда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган. Қарийб 1 миллиард 300 миллион долларлик инвестицияларни жалб этган ҳолда, 8 та чиқинди ёқиш заводи қуриш ҳамда Оҳангарон полигонида чиқинди газини қайта ишлаш режалаштирилган.

Масалан, Хитойнинг “CAMC Engineering” компаниясининг 350 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобидан Андижон ва Тошкент вилоятларида 2 та завод барпо этилади. Уларда кунига 4 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилига 630 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Бу соҳага Хитойнинг бошқа бир компанияси – “Shanghai SUS Environment” ҳам қизиқиш билдирган. У 310 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритиб, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида 2 та завод қуришни режалаштирган. Уларда кунига 3 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилига 480 миллион киловатт/соат электр энергияси олинади.