Самарқандда замонавий автовокзал фойдаланишга топширилди

Очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Кейинги йилларда вилоятимизда жамоат транспортига бўлган талаб ва эҳтиёж ортиб бормоқда.

Бу жараён ўз навбатида, йўловчиларга кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш, инфратузилмани замонавий талабларга мослаштириш ва аҳолига янада қулай шароитлар яратишни тақозо этмоқда. Шу мақсадда вилоятда кенг кўламли транспорт лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Шундай лойиҳалардан бири - Самарқанд шаҳрининг Чўпон ота ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган янги "Самарқанд автовокзали" фойдаланишга топширилди.

Ушбу лойиҳа умумий майдони 4,6 гектар бўлган ҳудудда тадбиркор ташаббуси ва маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. Қурилиш ишлари учун 12 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилди. Янги автовокзал замонавий архитектура, энергия тежамкор ечимлар ва хавфсизлик стандартлари асосида қурилди.

Бу ерда йўловчилар учун барча қулайликлар яратилди. Кенг ва ёруғ кутиш зали, она ва бола хонаси, болалар майдончаси, тиббиёт хонаси, электрон таблолар орқали қатновлар жадвалини кўрсатиш, имконияти чекланган фуқаролар учун махсус пандуслар ва йўлаклар, автобус, микроавтобус ва йўналишсиз таксилар учун алоҳида кутиш майдонлари, ҳайдовчилар дам олиш хонаси, автотранспортни техник кўрикдан ўтказиш хизмати, 24 соат ишловчи видеокузатув тизими шулар жумласидандир.

Автовокзал нафақат транспорт маркази, балки кенг кўламли хизмат кўрсатиш ва савдо ҳудуди сифатида ҳам фаолият юритади. Бу ерда 120 та савдо дўкони, 3 та замонавий ресторан, 14 та сервис шохобчаси, 1 та автосалон, 2 та меҳмонхона жойлашган.

Янги автовокзалнинг ишга туширилиши натижасида 300 та иш ўринлари яратилди.

Лойиҳанинг амалга оширилиши вилоятда транспорт хизматлари сифатини янги босқичга олиб чиқади, шаҳарлараро ва вилоятлараро қатновларнинг самарадорлигини оширади, аҳолининг вақт ва харажатларини тежашга хизмат қилади.

Вилоят раҳбари ва меҳмонлар автовокзалда йўловчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Очилиш маросими доирасида маданий дастур ташкил этилди. Унда вилоятимиз ва пойтахтдан келган санъткорлар куй-қўшиқлари билан тадбир қатнашчиларига кўтаринкилик улашди.

Бахтиёр Мустанов.