Самарқанддаги 200 та мактабга раҳбарлар ва олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари бириктирилди

Самарқанд вилояти ҳокимининг 2022 йил 11 январдаги “Самарқанд вилоятида таълим сифатини оширишга эришиладиган мақсадли кўрсаткичлар бўйича охирги ўринларни эгаллаган мактабларда таълим сифатини кўтариш тўғрисида”ги қарорига кўра, 2020-2021 ўқув йили якунидан келиб чиқиб, вилоятдаги 200 та умумтаълим мактабида таълим сифатини ошириш учун тегишли туман, шаҳар раҳбарлари ва олий таълим муассасаларининг тажрибали профессор-ўқитувчилари бириктирилди.

Жумладан, Каттақўрғон туманидаги 44 та мактабга туман масъуллари ҳамда Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиали, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессор-ўқитувчилари масъул бўлди. Рўйхатга Қўшработдан 29 та, Нурободдан 24 та, Ургутдан 21 та, Нарпайдан 19 та, Паст Дарғомдан 17 та, Самарқанд шаҳридан 16 та мактаб киритилган. Бу ва бошқа мактабларга ҳам масъуллар белгиланган. 

Аввало, ушбу мактабларнинг моддий-техника базаси ўрганилади ва аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича йўл хариталари ишлаб чиқилади. Ўқитувчи ва ўқувчилардан назорат ишлари олинади, таълим сифатини ошириш бўйича таклиф ва муаммолари ўрганилади. Ўқитувчилар салоҳиятидан келиб чиқиб, вариатив ўқув режалар асосида олий таълим муассасаларига тайёрлов синфлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг чет тиллари, аниқ ва табиий ҳамда ижтимоий гуманитар фанлардан тўгараклари фаолияти йўлга қўйилади. Ўқувчилар олган баҳоларининг ҳафталик, ойлик мониторинги юритилиб, муҳокама қилиб борилади.

Битирувчиларни олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичини кўтариш мақсадида ўқувчиларни касбга йўналтириш ва олий таълим муассасаларига киришини мувофиқлаштирувчи “Абитуриент штаблари” ташкил этилади.

Давлат тест марказининг вилоят бўлими билан биргаликда ҳар уч ойда ушбу умумий ўрта таълим мактаблари битирувчиларидан танлаган йўналишлари бўйича тест синовлари олинади. Тест натижалари мактаб педагогик жамоаси ва ота-оналар иштирокида таҳлил қилинади.