Самарқанддаги 4 та мактабда ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилди

Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бу борадаги қизиқиш ва интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида мактабларда ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлар ташкил этиш давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 апрелдаги “Умумий ўрта таълим ва ихтисослаштирилган мактабларда ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг 2020 йил 5 майдаги 24/23-сон қўшма қарори қабул қилинди. Ушбу қўшма қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоят халқ таълими ва Самарқанд вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармаларининг 2020 йил 16 майдаги 8-ққ ва 123-сонли қўшма буйруқлари чиқарилди.

Шу асосда вилоятда 4 та: Самарқанд шаҳридаги 1- ва 43-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида, Каттақўрғон шаҳридаги 11- ва Оқдарё туманидаги 45-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларида ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилди.

Ихтисослаштирилган синфларга мактабларнинг 6-синфини муваффақиятли якунлаган, чуқурлаштириб ўқитиш белгиланган ўқув фанларидан муайян қобилиятини кўрсата олган ўғил ва қиз болалар танлов натижалари асосида жорий йилнинг 1 — 20 июль кунлари қабул қилинади.

Ихтисослаштирилган синфларда ўқувчиларда ҳарбий бурч ва ҳарбий хизматни адо этишда зарур бўладиган профессионал ҳарбий ва ижодий кўникмаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Таълим олувчиларни «Темурбеклар мактаби», ҳарбий-академик лицейлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий-техник институти ҳамда бошқа олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун мақсадли ва йўналишли фанларни чуқурлаштирилган  ҳолда ўқитиш орқали тайёрланади.

Қўлдош САИДОВ,

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи.