Самарқанддаги аэропорт йўлида нима бўляпти?

Биз ҳам ушбу саволга жавоб топиш мақсадида аэропорт томон йўл олдик.

– Давлатимиз раҳбари ўтган йили вилоятимизга ташрифи чоғида Самарқанд халқаро аэропортига элтувчи йўлни замон талаблари ва халқаро стандартларга жавоб берадиган марказий кўчага айлантириш юзасидан топшириқ берган эди, – дейди қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан танишиб, навбатдаги вазифаларни белгилаб олаётган Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов. – Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йил 4 октябрда шаҳар ҳокими қарори қабул қилиниб, Бўстонсарой ва Ибн Сино кўчаларида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари режаси тузилди. Унга кўра, “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси буюртмаси ва “Самарқанд йўл лойиҳалаш” масъулияти чекланган жамияти лойиҳалари асосида пудратчи “Булунғур тумани йўллардан фойдаланиш” давлат унитар корхонаси томонидан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Айни пайтда Ибн Сино кўчасининг Рудакий кўчасига қадар бўлган қарийб 6 километр масофада қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа бўйича айрим турар жой ва нотурар жой бинолари белгиланган тартибда бузилиб, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга ер участкалари, турар жой ва товон пуллари берилмоқда. Ер остидан ўтказилган коммуникация тармоқлари янгиланаётир.

Шу пайтга қадар кўчанинг икки томонини кенгайтириш ишлари олиб борилган бўлса, ҳозирда йўл ўртасидаги яшил майдон бузилиб, бу ердаги дарахт кўчатлари бошқа жойга кўчирилмоқда. Тунги ёритиш чироқлари ҳам кўча ўртасидан йўлнинг икки ёнига олинади.

– Лойиҳага кўра, Ибн Сино кўчаси энига 50 метрга кенгайтирилиб, 8 қаторли йўл қурилади, – дейди “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси мутахассиси Исфандиёр Эргашев. – Бир томонлама қатнов учун ажратилган 25 метрнинг 16 метри транспорт воситалари ҳаракати, 9 метри эса гулхоналар ва пиёдалар йўлаклари учун мўлжалланган. Пиёдалар йўлаклари темир панжара билан ажратилади. Бу йўлаклар ва ҳаракат қисми оралиғи кўкаламзорлаштирилиб, манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазилади. Шуниндек, йўл четидаги эски бекатлар ўрнида замонавий қулайликларга эга бекатлар қурилади.

 

Бугун улкан қурилиш майдонига айланган Ибн Сино кўчаси ва унинг атрофидаги бунёдкорлик жараёни, лойиҳалар билан танишиб, яқин орада Самарқанд шаҳрининг яна бир марказий кўчаси кўркам қиёфа касб этиши, кўҳна кентдаги транспорт қатнови яхшиланишига ишончимиз ортди.

Ғ.ҲАСАНОВ