Самарқанддаги клиника Ўзбекистондаги давлат тиббиёт муассасалари орасида биринчи бўлиб ISO сертификати билан тақдирланди

Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-клиникаси, яъни кўп тармоқли ихтисослашган болалар хирургияси марказида шу муносабат билан анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманда Жанубий Кореянинг Халқаро G Certi сертификация ташкилоти вакиллари марказ раҳбари, Жамшид Шамсиевга ISO сертификатини тантанали тарзда топширди.
Хўш, Марказий Осиёда шу йўналишдаги ягона клиника қайси жиҳатлари билан эътиборга тушди, халқаро стандартларга қандай жавоб бермоқда?
- Аввало, ушбу сертификат давлат тиббиёт муассасалари ичида илк бор шу клиникага берилмоқда, - дейди Халқаро G Certi сертификация ташкилоти эксперти Ихтиёр Истамов. – Тўғри, шу пайтгача Ўзбекистондаги ўнга яқин хусусий клиника ушбу сертификатга эга бўлган. Аммо бунчалик кўп ходимлари ва катта ҳажмдаги ишларни қамраб олган килиникалар ичида биринчиси - Самарқанддаги кўп тармоқли ихтисослашган болалар хирургияси марказидир. Ушбу сертификат клиникага халқаро эътироф, хориж ваколатхоналарининг ишончини беради.
Анжуманда клиникада кейинги йилларда олиб борилган ишлар хусусида ҳам қисқача маълумот берилди.
Кўп тармоқли ихтисослашган болалар хирургияси маркази 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда кеча-кундуз болалар хирургияси бўйича ихтисослашган хирургик ёрдам кўрсатилиб, болалар хирургиясининг барча асосий йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган бўлимлар ташкил этилган.
Ўтган 30 йил давомида марказда 150 мингдан зиёд операциялар ўтказилган. Хусусан, болаларда кўп учрайдиган туғма нуқсонлар ва орттирилган касалликлар: яъни, ўпка, юрак, жигар, сийдик-таносил тизими аъзоларида миниинвазив ва юқори технологияли мураккаб операциялар бажарилиб келинмоқда.
Бугунги кунга қадар клиника мутахассислари томонидан Самарқандда жойлашган меҳрибонлик уйларидаги 3229 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, 144 нафарида аниқланган турли хил касалликлар даволанган. Клиникада 2017 йилдан 2021 йилгача бўлган давр мобайнида ўтказилган эндохирургик операциялар динамикада ўсиб бораётганлиги кузатилади. Клиника фаолияти давомида кўплаб мамлакатлар билан халқаро ҳамкорлик ўрнатмоқда. Клиника шифокорларидан 30 нафари Осиё эндоскопик ва лапороскопик хирурглар уюшмаси аъзоси ҳисобланади.
Гулруҳ Мўминова.