Самарқанддаги паррандачилик корхонаси Хитойга товуқ панжалари экспортини йўлга қўйди

Самарқанд туманида жойлашган “Navobod Naslli Parranda” фермер хўжалиги томонидан февраль ойидан бошлаб Хитойга парранда панжалари экспорти йўлга қўйилган.

Хўжалик раҳбари Ҳайдар Ўроқовга кўра, Хитой томони вакиллари бир ярим йил давомида корхонадаги иш жараёнлари, парвариш, маҳсулот етиштириш шароитларини ўрганган. Ва ниҳоят республикдаги 62 та талабгор корхона ичида айнан “Navobod Naslli Parranda” фермер хўжалиги хитойликлар билан шартнома тузишга эришган.

Вилоят ветеринария бошқармаси томонидан ташкил этилган преес-турда журналистлар мазкур фермер хўжик фаолияти билан танишди. 1280 нафар ходим ишлайдиган ушбу фермер хўжалигида жами 550 минг парранда бўлиб, шундан 417 минг гўшт йўналишида, 133 минг бош наслли тухум йўналишидаги паррандалар парвариш қилинади. Улардан 2 минг 500 тонна гўшт ишлаб чиқарилиб, 133 минг бош наслли товуқлардан 34 миллион дона наслли тухум ишлаб олинади. Хўжаликдаги 200 минг дона қувватга эга 10 та инкубацион цехларда гўшт йўналишидаги жўжалар очирилади. 2024 йилда фермер хўжалик томонидан қўшимча 100 минг бош 15 миллиард сўмлик парранда ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Хўжалик томонидан Афғонистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирлиги давлатларига тухум экспорт қилиш ишлари амалга оширилиб келинмоқда.

Шунингдек, журналистлар, Жомбой туманида чорвачилик соҳасида фаолият юритиб келаётган “PUREMILKY PRODUCTS” фермер хўжалиги фаолияти билан танишди.

Айтилишича, хўжаликдаги ҳар бир сигирдан кунлик ўртача 31 литрдан, 1700 бош сигирлардан кунига 52,7 тонна, йилда 16 минг 73 тонна сут олинмоқда. Хўжаликда жами 3400 бош қорамоллар бўлиб, шундан, 1700 бош сигир, 15 бош наслли буқа ва 1685 бош бир ёшгача урғочи таначалар парвариш қилинади. Ушбу чорва молларини парваришлаш учун 654 гектар ер майдонлари ажратилган. Шундан 392,4 гектар беда ва 261,6 гектар макка дон экинлари экилади.

Чорва молларини парваришлаш ва маҳсулот ишлаб чиқариш учун 255 нафар ишчилар ишлаб келмоқда. 2024 йилда хўжалик томонидан қўшимча 300 бош 23 млрд сўмлик наслли қорамоллар Голландия давлатидан импорт қилиши режалаштирилган.