Самарқанддаги радарлар бир ойда 11897 та қоидабузарликни қайд этди
2021 йилнинг дастлабки ойи таҳлилларига кўра, Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши кураш борасида кўрилган чоралар, ўтказилган рейд тадбирлари натижасида бир ой мобайнида вилоят ҳудудида 40 280 та қоидабузарлик аниқланди. Бу ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда 76 фоизга ёки 14 416 тага кўпдир.
Жумладан, 725 ҳолатда ҳайдовчиларнинг транспорт воситасини маст ҳолда бошқаргани қайд этилиб, тегишли жавобгарлик чоралари белгиланди.
– Аниқланган қоидабузарликлар юзасидан ваколатимиз доирасида бўлган 34 180 маъмурий баённома бўйича ҳуқуқбузарлардан 5 миллиард 635 миллион сўм миқдорида жарима ундириш белгиланган, – дейди Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари З.Қаюмов. – Бундан ташқари, вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларида ўрнатилган онлайн режимида ишловчи 17 та стационар ва 5 та мобиль радар ёрдамида 11 897 та қоидабузарлик аниқланиб, 5 миллиард 663 миллион сўм жарима ёзилган.