Самарқанддаги “Сино” музлаткичлар ишлаб чиқариш заводи кимга берилган?

Самарқанд вилоятида 96 та давлат активи 167,3 миллиард сўмга савдога чиқарилиб, 72 та объект 76,1 миллиард сўмга, 2,5 триллион сўм инвестиция киритиш ва 2 минг 529 та янги иш ўринларини яратиш шарти билан сотилган.
Хусусан, “Афросиёб Палас” ДУК мулкий мажмуаси 27 миллиард сўмга савдога чиқарилиб, электрон аукцион савдоларида 43,3 миллиард сўмга 4 юлдузли меҳмонхона фаолиятини ташкил этиш ҳамда 100 та иш ўрни яратиш шарти билан сотилган.
“Ўзқишлоқэлектрқурилиш” АЖ устав фондидаги 34,9 фоиз давлат акция пакетлари биржа савдоларида 20 миллиард сўмга сотилди.
Шунингдек, “Сино” музлатгичлар ишлаб чиқариш заводида 600 нафардан кўпроқ ишчи ходимлар фаолият юритган. Инқирозга учраб банкротлик ҳолатига келиб қолгандан сўнг инвестиция жалб этиш мақсадида Ҳукумат қарорига асосан корхона устав фондидаги 88,8 фоиз давлат акциялари пакети “ноль” қиймати бўйича танлов асосида инвестор “SAXARI” МЧЖга берилган.
Шартномага асосан кредиторлар олдидаги барча қарздорликларини белгиланган тартибда келишилган муддатларда тўлаш, 2022 йилнинг 21 августига қадар объектда маиший техникалар ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш орқали 30 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 1 минг 250 та янги иш ўринлари яратиш мажбурияти юклатилган.
Бугунги кунда инвестор томонидан корхона бино ва иншоотлари қайта реконструкция қилинмоқда. Бундан ташқари, қиймати 2,1 миллион АҚШ долларилик асбоб-ускуналар ва 269 минг АҚШ долларлик хом ашё материаллари олиб келинган.