Самарқанддаги ёшлар ўртасида IT-танловлар ўтказилмоқда
Самарқанд вилоятидаги ёшлар ўртасида интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш доирасида истиқболли IT-лойиҳалар, дастурлаш, робототехника ва киберспорт йўналишлари бўйича танловлар бўлиб ўтмоқда.
Ушбу танловлар вилоятдаги 30 ёшгача бўлган истиқболли лойиҳалар муаллифларини аниқлаш, уларнинг ишланмаларини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда замонавий фикрлайдиган, интилувчан шахсларни аниқлаш, уларни рағбатлантириш ва янада руҳлантириш, олий таълим муассасалари талабалари, академик лицей, касб-ҳунар коллеж ва техникумлар талабалари, ўқувчилар ва уюшмаган ёшларнинг дастурлаш, робототехника ва киберспорт йўналишлари бўйича қобилиятларини намоён этиш ва ривожлантириш, истеъдодларини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида ташкил этилган.
Танловларнинг шаҳар ва туман босқичлари 27 сентябрдан 5 октябрга қадар Жомбой, Булунғур, Оқдарё, Иштихон, Ургут, Паст Дарғом, Нуробод, Пахтачи, Нарпай, Пайариқ ва Самарқанд туманларида ўтказилди. Унда биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди ва танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Мазкур IT-танловлар вилоят ҳокимлиги, Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси, Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали ва IT-парк Самарқанд ҳудудий филиали ҳамкорлигида ташкил этилди.
ТAТУ Самарқанд филиали ахборот хизмати.