Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ТАТУ Самарқанд филиалида "Smart Eye" лойиҳаси ишлаб чиқилди

Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали ахборот таълим технологиялари кафедраси мудири Ҳошим Раҳмонов талабалар билан бирга омборларда ёнғинни аниқлаш, бу ҳақида тегишли органларга ёнғин чиққан жой локацияси ва тасвирини мужассамлаштирган хабарни юборишга мўлжалланган “Smart Eye” лойиҳаси устида иш олиб бормоқда.

Инновацион лойиҳанинг мақсади видеокузатув камералари ёрдамида олинган тасвирларни интеллектуал таҳлил қилган ҳолда олов ва тутунни автоматик таниб олишнинг аппарат ва дастурий қурилмасини яратишдир.

Яратилган аппарат ва дастурий қурилманинг вазифаси очиқ майдонларда содир бўлган ёнғинни автоматик таниб олади ва хабарни тасвир кўринишида ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасига ёки диспетчерга автоматик тарзда юборади.

Кузатув видеокамералари ёрдамида доимий кузатиш қийин бўлган ҳудудлар (ўрмонлар, очиқ дала майдонлари)да ёнғинни тезкор аниқлаш ҳамда бунинг оқибатида юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш имкониятини беради. Хабарда ёнғин ўчоғи, манзили ва ёнғин тасвири келтирилади.

Ҳозирда лойиҳа доирасида ёнғинни видеотасвирлар ёрдамида автоматик таниб олиш алгоритми ва дастурий воситаси, ёнғин ҳақидаги маълумотни автоматик юбориш алгоритми ва дастурий воситаси, олов ва тутунни очиқ майдонларда масофадан таниб олувчи ва ёнғин ҳақидаги хабарни тасвир кўринишида автоматик юборувчи интеллектуал тизимнинг аппарат ва дастурий қурилмаси ишлаб чиқилган.

ТАТУ Самарқанд филиали ахборот хизмати.