ТАТУ Самарқанд филиалида талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди

Бугун Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида давлат-хусусий шериклик асосида талабалар турар жойи биноси фойдаланишга топширилди.

400 ўринга мўлжалланган мазкур талабалар турар жойининг очилиш маросимида Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримов, ТАТУ ректори Бахтиёр Маҳкамовлар иштирок этди.

Ушбу талабалар турар жойи “GULOM XUSEN BUILDING” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда 22 млрд сўмдан ортиқ маблағ эвазига қурилди. 4 қаватдан иборат мазкур бинода 128 та яшаш хонаси, 4 та ошхона, кутубхона, маданият маскани, “Workout” майдончаси мавжуд.

Ҳар бир хона ичида алоҳида ювиниш хонаси, ҳожатхона бўлиб, ҳар бир талабага мўлжалланган кийим шкафлари, стол-стул, кроват, тумбочка ва телевизор билан жиҳозланган. Шунингдек, тадбиркор томонидан бинода талабаларга турар жой хизматлари билан биргаликда қўшимча хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган.