ТАТУ Самарқанд филиали ходими мунтазам муаллифлик ҳуқуқларини бузиб келгани аниқланди

“Akademnashr NMM” МЧЖ томонидан Самарқанд вилояти адлия бошқармасига 2022 йил 1 июнда муаллифлик ҳуқуқига оид шикоят хати келди. Унда қайд этилишича, Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали ходими С.Х. муқаддам интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этиб келган.

Маълум бўлишича, мазкур филиал расмий веб-саҳифаси электрон кутубхонасида дастурлаш асосларига алоқадор файллар бўлимида муаллифи Анвар Нарзуллаев бўлган “Pythonda dasturlash asoslari” номли “Akademnashr NMM” МЧЖ томонидан чоп этилган китоб сканер қилинган варианти ҳуқуқ эгаларининг рухсатисиз жойлаштирилган.

Вилоят адлия бошқармаси томонидан аниқланган маълумотларга асосан, “Akademnashr NMM” МЧЖ ҳамда фуқаро Анвар Нарзуллаев ўртасида 2021 йил 8 июнда унинг “Pythonda dasturlash asoslari” номли асарини нашр этиш бўйича мутлақ мулкий ҳуқуқларни мазкур МЧЖга бериши, МЧЖ эса асар муаллифига ҳақ тўлаш мажбуриятини олиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси имзоланган.
Мазкур шартномага асосан асарга бўлган мулкий ҳуқуқлар “Akademnashr NMM” МЧЖга ўтказилган, шунингдек, мазкур шартноманинг 3.5-бандига кўра, учинчи шахслар томонидан асарга бўлган ҳуқуқлар бузилган тақдирда тарафлар бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда бир-бирига кўмаклашиши белгиланган.

Бироқ ТАТУ Самарқанд филиалининг масъул ходими С.Х. филиал расмий веб-саҳифасидаги электрон кутубхонага “Akademnashr NMM” МЧЖ томонидан чоп этилган “Pythonda dasturlash asoslari” номли китоб нусхасини ҳуқуқ эгаларининг рухсатисиз жойлаштирган. Ваҳоланки, “Муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига кўра, муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эгалиги, юридик ва жисмоний шахслар, қонунда кўрсатилганидан ташқари ҳолларда, асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкинлиги, хусусан, асарни барчанинг эътиборига етказиш, асарни сим (кабель) орқали ёки бошқа шу каби воситалар ёрдамида узатиш йўли билан барчанинг эътибори учун юбориш муаллифнинг асардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари сирасига кириши кўрсатилган.

Бундан ташқари, ушбу қонуннинг 61-моддасида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгилаб қўйилган. Юқоридаги қонун нормаларига асосан фуқаро С.Х. мазкур ҳаракатлари билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 1771-моддаси биринчи қисмида белгиланган муаллифлик ҳуқуқларини бузган.

Вилоят адлия бошқармаси мазкур маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани судига юборган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 мартдаги ПФ–89-сон фармони билан Адлия вазирлигига интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда ихтиролар, товар белгилари, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган.

Вилоят адлия бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар бўлими.