Самарқанддан Кореягача: 1400 йиллик тарихий ришталар кўргазмаси

Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб” музейида «5120 километр: тарихий ришталарни қайта боғлаш» номли кўргазма ўз ишини бошлади.

Кўргазма Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида маданий меросни асраб-авайлаш, илмий ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги ҳамкорликка бағишланган бўлиб, Кореянинг Маданий мерос жамғармаси томонидан ОДА (Official Development Assistance) дастури асосида 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Самарқанд вилоятининг тарихий-маданий туризм салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган.

Корея Республикаси миллий меросни ривожлантириш агентлиги концервация фанлари мутахассиси О Минжининг таъкидлашича, экспозицияда икки давлат мутахассислари иштирокида амалга оширилган қўшма лойиҳалар, илмий-тадқиқот ишлари, маданий-маърифий тадбирлар ҳамда соҳада эришилган муҳим натижалар намойиш этилмоқда.

Мазкур кўргазма Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида маданий мерос соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, тажриба алмашиш ва икки халқнинг бой маданий меросини кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда,  - дейди “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси илмий ходими Самариддин Мустафоқулов. - Кўргазманинг асосий ғояси қарийб 1400 йил аввалги тарихий алоқаларни бугунги замонавий ҳамкорлик билан боғлашдан иборат.

Афросиёб деворий суратларида қадимги Корея яриморолидан келган деб талқин қилинадиган элчининг тасвири сақланиб қолган. Бу тасвир VII–VIII асрларда Самарқанднинг Буюк Ипак йўли орқали Корея яримороли ва бошқа ҳудудлар билан дипломатик ҳамда маданий алоқалар олиб борган муҳим марказ бўлганини кўрсатади.

“5120 километр” икки мамлакат ўртасидаги рамзий масофани англатади. Қадимда бу масофани элчилар ва савдогарлар босиб ўтган бўлса, бугун ушбу тарихий йўл илмий тадқиқот, археология, консервация, рақамли технологиялар ва мутахассислар тажрибаси алмашинуви орқали қайта боғланмоқда.

Қизлартепа қўшма тадқиқотлар марказида

Кўргазманинг муҳим қисмларидан бири Самарқанд шаҳрининг Боғибаланд маҳалласида жойлашган Қизлартепа ёдгорлигида олиб борилган қўшма археологик тадқиқотларга бағишланган. Корея ва Ўзбекистон мутахассислари 2023–2025 йилларда беш босқичда қўшма археологик қазишма ишларини амалга оширди. Дастлаб тепаликнинг юқори қисмида 12 та нуқтада синов қазишмалари ўтказилди. Шундан сўнг 9 та нуқтада меъморий иншоот қолдиқлари аниқланиб, кенг қамровли тадқиқотлар давом эттирилди.

Тадқиқотлар натижасида Қизлартепадан 12 та хона, уларни боғловчи йўлаклар ҳамда тўрт томондан кириш жойларига эга марказий йўлакдан ташкил топган Сўғд даври меъморий мажмуаси аниқланди, -  дейди Ўзбекистон - Корея маданий мерос соҳаси ривожланиш бўйича расмий кўмак – ОДА (Official Development Assistance) лойиҳаси кординатори Абдуазиз Жабборов. - Иншоотлар пахса ва хом ғиштдан барпо этилган бўлиб, ёдгорликдан сопол буюмлар, шиша маҳсулотлар, нефрит ҳалқа парчалари, узук ва тақинчоқлар, тангалар ҳамда бошқа археологик ашёлар ҳам топилди.

Улар орасида Сўғд тангаси, оссуарий ва бошқа ноёб топилмалар алоҳида аҳамиятга эга. Айрим иншоотларнинг вазифаси ҳали тўлиқ аниқланмаган. Илмий талқинларга кўра, улар зодагонлар қабулхонаси, божхона ёки диний мақсадларда фойдаланилган бўлиши мумкин. Шу боис уларнинг вазифаси ҳақидаги хулосалар ҳозирча илмий тахмин сифатида баҳоланади. Қизлартепадаги тадқиқотлар замонавий рақамли технологиялар билан ҳам уйғунлаштирилди.

Ёдгорлик аэросуратга олиш ва 3D сканерлаш орқали рақамли ҳужжатлаштирилди. 97 та ашё 3D сканердан ўтказилиб, уларнинг парча кесимлари солиштирилди ва виртуал қайта йиғиш ишлари амалга оширилди.

Консервация натижасида тарих асл ҳолатига яқин сақланмоқда

Кўргазманинг яна бир муҳим йўналиши маданий мерос объектларини консервация қилишга бағишланган. Таъкидланишича, лойиҳа доирасида Самарқанд археология институти ҳузурида илмий тадқиқот ва консервация ишларини олиб бориш учун махсус марказ ташкил этилган. Марказ 2024 йил март ойидан фаолият бошлаган бўлиб, бу ерда 7 та функционал хона ва тадқиқот, таҳлил ҳамда консервация учун 52 турдаги ускуна мавжуд.

Марказда микроскопия, рентген орқали бузмасдан текшириш, P-XRF элемент таҳлили, сопол ва металл буюмларни консервация қилиш, фотосуратга олиш, ҳужжатлаштириш ҳамда муҳит мониторинги каби ишлар амалга оширилади. Ҳамкорликнинг муҳим жиҳати шуки, лойиҳа доирасида маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш, уларга янги технологиялар билан ишлашни ўргатиш ва мустақил фаолият юритиш салоҳиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, 2022–2026 йилларда 263 нафар тадқиқотчи тингловчи турли курсларни муваффақиятли тугатган ва маҳаллий мутахассисларнинг ўзи кейинги босқичларда бошқа тадқиқотчилар ва мутахассисларга билим бериш даражасига етган. Мисол учун, 2025 йилда “Ёш археологлар мактаби”да 12 нафар ёш тадқиқотчи 12 кунлик курсни тамомлаган бўлса, 15 нафар тренернинг 13 нафари маҳаллий марказ мутахассислари бўлган. Шунингдек, Қозоғистон миллий музейининг уч нафар мутахассиси Самарқандда малака ошириш бўйича таълим олган бўлса, маҳаллий марказнинг икки нафар мутахассиси Корея Миллий мерос университетида магистратура босқичида ўқиган. 2024 йилда тайёрланган “Консервация фани назарияси” ўқув қўлланмаси 58 та муассасага тарқатилган.

Маданий меросни рақамлаштириш

Лойиҳанинг замонавий йўналишларидан яна бири маданий мерос объектларини 3D ва GIS технологиялари асосида ҳужжатлаштиришдир. Бундай технологиялар ёдгорлик ва археологик буюмларни юқори аниқликда рақамли маълумот сифатида сақлаш, уларни илмий ўрганиш, консервация қилиш, таълим жараёнида фойдаланиш ва туризм контенти яратиш имконини беради. Қизлартепадан топилган 97 та ашёнинг 3D модели яратилди. Бу орқали буюмларнинг парчаларини виртуал равишда бирлаштириш, уларнинг дастлабки шаклини аниқлаш ва зарур ҳолларда 3D нусхалар тайёрлаш имконияти пайдо бўлди. Айни пайтда Самарқанддаги қарийб 800 та маданий мерос объекти ҳақидаги маълумотларни стандартлаштириш, юқори аниқликда қайд этиш ва GIS платформасини шакллантириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Кўргазма 3 сентябргача давом этади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.