Самарқанддан Тожикистонга 60 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди

Ўзбекистон ва Тожикистон. Икки тилда сўзлашувчи бир халқ вакиллари азалдан аҳил-иноқ, яқин қўшничиликда яшаб келган. Кейинги йилларда бундай алоқалар янада мустаҳкамланиб, иқтисодий ҳамкорлик кучаймоқда.

Ҳозирда вилоятимизда Тожикистон компаниялари капитали иштирокида 7 та қўшма корхона, 6 та хорижий корхона фаолият юритмоқда.

Жумладан, Ургут туманида “DIAMOND PETROL” ва “EVRO CASINGS” қўшма корхоналари савдо хизмати, Тойлоқ туманида “SOCHAK EXPORT ENTERPRISES” масъулияти чекланган жамияти озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва Пайариқ туманидаги “AVICENNA INTERNATIONAL GROUP” масъулияти чекланган жамияти тиббий хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келмоқда.

Бундан ташқари, 2023 йилда вилоятимизда 1 та инвестиция лойиҳаси доирасида Тожикистон давлатидан 2,6 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилган.  

- Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати билан қўшни давлатлар ўртасида ҳамкорлик кучайди, чегаралар очилди, ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди, - дейди Самарқанд туманидаги “Навобод наслли парранда” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳайдар Ўроқов. – Бу, албатта, тадбиркорларга катта имконият яратди, янги бозорлар очиб берди. Шу имкониятдан фойдаланиб биз ҳам 2018 йилда Тожикистоннинг Душанбе ва Хўжанд вилоятларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга киришдик. Уларга ҳар чоракда 1,5 миллион долларлик наслли жўжа ва парранда озуқаси экспорт қиламиз. Ҳамкорликни янада кенгайтириш ва давом эттириш, истиқболда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича зарур ишлар олиб боряпмиз.   

2023 йилда вилоятимизнинг Тожикистон билан товар айланмаси 70 миллион долларни ташкил этиб, 59,9 миллион долларлик экспорт ҳамда 10,1 миллион долларлик импорт амалга оширилди. Тожикистонга экспорт маҳсулотлари асосан ҳайвонлар учун озуқа, матолар, металл буюмлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўктам Худойбердиев.