Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандга 8 ойда 114 та давлатдан 140 минг нафардан ортиқ хорижий сайёҳ келган: Аэропортда шароитлар шунга мосми?

Самарқандга келувчи сайёҳларнинг асосий қисми аэропорт хизматларидан фойдаланади. Хўш, азим кентнинг замонавий аэропорти бу ишончни оқлай оляптими? Сайёҳлар асосан нимадан норози? Қандай лойиҳалар амалга ошириляпти? Нималар ҳали ҳам йўқ?

“Samarqand” халқаро аэропортида вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида айни саволларга жавоб берилди.

Дилшод Нарзиқулов, вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

– Албатта, Самарқанд аэропортининг замонавий кўриниши ҳеч кимни беэътибор қолдирмайди. Лекин унда кўрсатилаётган хизматлар ҳам замон талабидан ортда қолмаслиги керак. Айни йўналишда аэропорт маъмурияти билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Тез орада бу ерда Туризм маркази ҳамда енгил автотранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш хизмати – “RENT CAR” фаолияти йўлга қўйилади. Ҳудудда меҳмонхона ва бошқа дам олиш масканларини кўпайтириш чоралари кўриляпти.

Маълумотга кўра, жорий йилнинг ўтган вақтида вилоятимизга 114 та давлатдан 140 минг нафардан ортиқ хорижий ва 1 миллиондан ортиқ маҳаллий сайёҳ келган. Уларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида ўтган беш ойда 14 та янги меҳмонхона, 28 та меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилган. Тур-операторлар сони 10 тага ошган.

— Аэропортда йўловчилар томонидан энг кўп эътироз билдирилган икки ҳолат – ҳужжатларни расмийлаштиришдаги узун навбат ҳамда юкларни назоратдан ўтказишдаги оворагарчиликларга барҳам берилди, - дейди вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев. – Айни мақсадда аэропорт терминалида республикамизда биринчилардан бўлиб “божхоначисиз назорат” тизими йўлга қўйилди. Яъни, энди йўловчилар терминалда божхона хизматчилари билан бевосита мулоқотга киришмайди, ҳатто уларнинг борлигини сезишмайди ҳам. Назорат тадбирлари масофадан, ақлли кузатув камералари орқали амалга оширилади. Бу уларнинг вақтини тежашга ва энг асосийси, жараённинг асаббузарликсиз ўтишига хизмат қилади.

Маълумот учун: жорий йилнинг ўтган вақтида аэропорт чегара божхона пости орқали 1219 та авиарейс амалга оширилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 456 тага ёки 61,2 фоизга кўп. Мазкур рейсларда 160 минг нафарга яқин йўловчи ҳаракатланган.

Тадбирда “Samarqand” халқаро аэропорти ҳамда “Air Marakanda” авиакомпанияси вакиллари ҳам иштирок этиб, журналистларга аэропорт ва унда кўрсатилаётган хизматлар ҳақида маълумот берди. Жараёнда иштирокчилар чегара божхона хизмати, назорат қурилмалари фаолияти билан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Тадбирнинг савол-жавоб қисми ҳам жонли ўтди. Хусусан, унда нега аэропортда бепул Wi-fi йўқлиги, овқатланиш шохобчалари ёпиқлиги масаласи кўпчиликни қизиқтирди. Аммо шу ва бошқа бунга ўхшаш саволларнинг аксариятига аэропорт масъулларидан “Бу масалада ишлаяпмиз, тез орада ҳал қиламиз” қабилида жавоб олдик. Сайёҳларга энг оддий, аммо зарур ҳисобланган хизматлар кўрсатилмаса, қулайлик ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Ўйлаймизки, аэропортдаги бу камчиликлар ҳам тез орада ечим топади.

Асқар БАРОТОВ.