Самарқандлик икки нафар мактаб ўқувчиси грант асосида хорижий ОТМларга ўқишга қабул қилинди
Самарқанд шаҳридаги 37-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Ойбек Жўрабоев муддатидан олдин 7 та халқаро универтетга талабалар сафига қабул қилинди ва умумий ҳисобда 762.000 AҚШ доллари қийматидаги таълим грантини қўлга киритди. Aмерика қўшма штатларининг Stetson университети Ойбекка 220 000 АҚШ доллари миқдорида юз фоизлик грант тақдим этган бўлса, Wabash College - 160 000 АҚШ доллари, Washington College - 140 000 АҚШ доллари, Butler университети - 88 000 АҚШ доллари, Lynn университети - 84 000 АҚШ доллари, Temple университети - 70 000 АҚШ доллари миқдоридаги грантлар ютганлигини маълум қилди.
Индиана университети эса Ойбекни ўз талабалари сафидан ўрин олишидан мамнунлигини билдирган. Ойбек ёшлигидан компьютер технологияларига қизиқади. У келажакда чет элда соҳани пухта эгаллаб, Ўзбекистонда кибер хавфсизлик ва сунъий интеллектни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқчи.
Самарқанд шаҳридаги 37-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Сабина Баҳромбекова ҳам муддатидан олдин 8 та халқаро университетнинг талабалари сафига қабул қилинди. Сабинага Aмерика қўшма штатларининг Clarkson университети - 164 000 АҚШ доллари, Illinois Wesleyan университети - 144000 АҚШ доллари, Washington College - 140 000 АҚШ доллари, Adelphi университети -100 000 АҚШ доллари, Arizona университети 88 000 АҚШ доллари, Drexe университети - 70 800 АҚШ доллари, Temple университети - 70 000 АҚШ доллари миқдордаги таълим грантларини тақдим этди. Шунингдек, Mississippi College ҳам Сабинага талабалар сафига қабул қилинганлиги ҳақида хабар юборган. Сабина келажакда етук психолог бўлишни орзу қилади.
Бугунги кунга қадар вилоятимизда ўндан ортиқ мактаб битирувчилари хорижий олий таълим муассасаларига таълим грантлари асосида ўқишга қабул қилинди.