Самарқандлик жасур йигитлар миллат фидойилари бўлган

2000 йилда Сурхондарё вилоятининг Узун ва Сариосиё туманларида террористларга қарши жангларда мардонавор фидокорлик кўрсатган ҳарбийларимиз орасида бир неча нафар самарқандлик жасур йигитлар ҳам бор эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан яқинда ана шундай мард ўғлонлар хотирасига бағишланган “Миллат фидойилари” номли китоб нашр этилди.
Мазкур тўплам Мудофаа вазирлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда “Аждодлар изидан” ҳарбий-тарихий жамияти ҳамкорлигида тайёрланди. Китобда истиқлол йилларида юртимиз тинчлиги ва осойишталигини муҳофаза этиш йўлида ҳалок бўлган ҳарбийларимизнинг жасоратли ҳаёт йўли ва порлоқ хотираси акс этган.
Хусусан, 2000 йилда Сурхондарё вилоятининг Узун ва Сариосиё туманларида террористларга қарши жангларда мардонавор фидокорлик кўрсатган ҳарбийларимиз ҳақида сўз боради. Улар орасида Каттақўрғонлик Улуғбек Барноев, Сайёд Садинов, булунғурлик Маъруф Ражабов ва нурободлик Исматилла Хўжаев каби жасур йигитлар ҳам бор.
Шу муносабат билан туманларда китоб тақдимоти ва хотира тадбирлари ўтказилди. Уларда Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Холбек Кўбаев, китобга киритилган қаҳрамонларимизнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок этиб, мард ўғлонлар қаҳрамонлиги ва миллатга садоқати ҳақида фикр билдирди.
“Миллат фидойилари” — ватанпарварлик, мардлик ва садоқат тимсоли бўлган асар бўлиб, ҳар бир ёш ҳарбий, офицер ва сержант учун ибрат мактаби саналади.
Ғофиржон БОБОБЕКОВ.