Самарқандлик олим ташаббуси билан “Aлишер Навоий” халқаро журнали таъсис этилди
Буюк шоир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан журналнинг 1-сони эълон қилинди. Журнал Самарқанд давлат университети профессори И.Мирзаев ташаббуси, бош муҳаррирлиги ҳамда Tadqiqot.uz сайти ҳамкорлигида ташкил қилинди.
Президентимизнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Aлишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида улуғ шоир ва мутафаккирнинг адабий-илмий меросини мамлакатимизда ва халқаро миқёсда янада чуқур тадқиқ қилиш ва кенг тарғиб этиш лозимлиги таъкидланган.
Бу эса филология илми ва навоийшунослик, хусусан, адабий таъсир, қиёсий адабиётшунослик, матншунослик ва таржима масалалари билан шуғулланаётган тадқиқотчилар зиммасига жаҳоннинг илғор технологиялари, назарий ғояларига ҳамоҳанг илмий тадқиқотларни амалга ошириш вазифасини юклайди. Олимларимизнинг илмий салоҳияти, инновацион ғояларини жаҳонда тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро нуфузга эга “Aлишер Навоий” журнали таъсис этилди.
Журналда навоийшунослик, шоир адабий меросининг умумжаҳон тамаддунида тутган ўрни ва адабий таъсир масалалари ёритиб борилади.
"Aлишер Навоий" халқаро журнали Америка Қўшма штатларининг Crossref.org тизимига киритилган ҳамда ҳар бир мақолага рақам берилади. Журналда навоийшуносликдаги муҳим масалалар – “Навоий ва жаҳон адабиёти”, “Навоий ва тилшунослик масалалари”, “Темурийлар даври туркий ва ўзбек адабиёти”, “Баҳосиз битиклар”, “Аслият уммони”, “Навоий насри ва назми нафосати”, “Тасаввуф”, “Фасоҳат”, “Бадиият”, “Аруз ва қофия”, “Адабий таъсир”, “Таълим-тарбия” каби бир қатор рукнларда қамраб олинган. Журналнинг 1-сонида юртимиз ва хорижлик навоийшунос олимларидан, профессор И.Мирзаев, М.Муҳиддинов, Ҳ.Дадабоев, М.Холбеков, Қ.Содиқов, И.Ҳаққул, Д.Салоҳий, Н.Жабборов, У.Жўрақулов, A.Эркинов, Д.Юсупова, Танжу Сейҳан, Олмос Улвий Биннатова, Маре Тоунтант, Aмир Немати Лимаъиларнинг буюк шоир ижодининг долзарб масалаларига бағишланган илмий кузатишлари ёритилган.
Ушбу халқаро электрон илмий журналга мақолалар ўзбек, рус, инглиз, француз, турк, тожик каби тилларда қабул қилинади ва нашр жаҳоннинг турли мамлакатларида амалга оширилаётган навоийшуносликка оид тадқиқотларни ёритиб боришга мўлжалланган.
Р.Рўзманова,
СамДУ доценти.