Самарқандлик олимнинг китоби Англияда чоп этилди
Профессор Аскар Ҳасановнинг “Experimental and Theoretical Study of Strength and Stability of Soil” (“Грунтлар чидамлилиги ва турғунлигининг экспериментал ва назарий тадқиқотлари”) деб номланган китоби 2020 йилда Англиянинг машҳур “Taylor@Francis Group” нашриёти томонидан чоп этилди.
Тупроқнинг барқарорлиги ва бунинг асосий муаммоларига бағишланган китобда экспериментал натижалар мавжуд куч назариялари билан таққослангани ва уларнинг мос келмаслик сабаблари очиб берилгани билан қимматлидир.
А.Ҳасанов Самарқанд давлат университети ва Самарқанд архетектура-қурилиш институтида профессор лавозимида ишлаб келмоқда. У “Геофундаментпроект” МЧЖ ишлаб чиқариш ташкилоти раҳбари, 1996 йилдан буён муҳандислик геологияси соҳасида Нью-Йорк фанлар академиясининг аъзоси (2007 йилдан), Ўзбекистон геотехника уюшмаси раиси сифатида ҳам фаолият олиб бормоқда. У мамлакатимизда мураккаб муҳандислик ва геологик шароитда қурилган 300 дан ортиқ пойдевор лойиҳаларининг муаллифи ҳисобланади. Халқаро механика ва геотехника муҳандислиги халқаро жамияти (ISSMGE) қошидаги “ТC 19 - Геотехника ва жаҳон маданий мерос объектларини сақлаш” халқаро техник қўмитасининг аъзоси.
Унинг “Самарқанднинг меъморий ёдгорликлари тузилмалари” (2009), “Тупроқнинг мустаҳкамлиги ва барқарорлигини экспериментал ва назарий ўрганиш” (2015), “Қумлоқли тупроқлар асослари” каби китобларидан соҳа мутахассислари кенг фойдаланиб келмоқда.