Самарқандлик тадбиркорларнинг 104 та ҳолатда онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланмаганлиги бўйича аҳолидан мурожаат тушди
Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоб тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида 2020 йил 1 январдан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига онлайн назорат-касса машиналари босқичма-босқич татбиқ этилмоқда.
Аниқроғи, жорий йил 1 январдан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, бензин, дизель ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланишга ўтди.
Афсуски ўтказилган тарғибот тадбирларига қарамасдан, айрим тадбиркорлар томонидан онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари учрамоқда. Айни шу ҳолатларни бартараф этиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида “Soliq hamkor” иловаси жорий этилиб, бу орқали истеъмолчилардан мурожаат ва шикоятлар қабул қилинмоқда.
Жорий йилнинг 1 сентябридан 20 октябрига қадар 104 ҳолатда онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланмаслик, харидорларга касса чеки тақдим этмаслик бўйича мурожаатлар келиб тушди. Шундан 43 та ҳолатда текшириш ўтказилиб, жарима қўлланилди.
Хусусан, Тойлоқ тумани Қўрғонча маҳалласи, Қозихона қишлоғида жойлашган “RUSTAM” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган сайёр солиқ текшируви давомида жамият ишчиси харидорга 65 минг сўмга сотиб олган бензин учун харид чеки бермаганлиги аниқланди. Шунингдек, текширишда жамият кассасида 5 миллион 164 минг сўм савдо пули НКМ хотирасига киритилмаганлиги маълум бўлди.
Самарқанд шаҳар Махтумқули кўчаси, 2-уйда жойлашган “ZAFAR” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган сайёр солиқ текшируви давомида жамият ишчиси харидорга 80 минг сўмга сотиб олган таом ва ичимлик учун чекни бермаганлиги, жамият кассасида 385 минг сўм савдо пули НКМ хотирасига киритилмаганлиги аниқланди.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.