Самарқандлик усталар Тожикистонда “Хўжанд қалъаси”ни тиклаш, қайта қуриш ишларида фаол иштирок этмоқда
Хўжанд қалъаси. Бу икки сўз тилга олинганда Каёнийлар давридан бошлаб Александр Македонский, мўғулларга қарши мардонавор курашган жасур лашкарбоши Темурмалик, буюк шоир Хожа Камол Хўжандий, машҳур олим Абу Маҳмуд Хўжандий ёдга олинади. Қадимий шаҳар номини не-не мамлакатларга танитган бу шонли иншоот, афсуски, кейинги бир ярим асрдан кўпроқ давр мобайнида ўз файзини йўқотди. Аввалига Хўжандни ишғол қилган рус подшоҳи ҳукумати қўшини (1866-йилда) қалъада ҳарбий комендатура ва аскарлар казармасини жойлаштирди. Шўролар даврида қалъа ҳарбий қисмга берилди…
Тожикистон мустақиллиги йилларида мамлакат раҳбарияти қадимий қалъани қайта тиклашга киришди. Ҳозир авжида бораётган ва охирига етказилаётган тиклаш, қайта қуриш ишларида тожикистонлик усталар, мутахассислар билан биргаликда қўшни ва қардош Ўзбекистондан даъват этилган усталар, мутахассислар ҳам ишлашмоқда.
- Устадан устанинг фарқи бор. Тўғри, ўзимизда моҳир наққошлар, ганчкор, кошинкор, кандакор усталар кўп. Лекин самарқандлик усталар қадимий обидаларни тиклашда тажриба орттириб, ўз соҳаларининг билимдонларига айланиб кетишганини биламиз. Шунинг учун биз самарқандлик усталарни қалъани қайта қуриш ишига таклиф этдик, - дейди «Қалъаи Хўжанд» маданий-тарихий мажмуаси давлат муассасасининг бош директори Иброҳимжон Иброҳимов.
“Ҳозир самарқандлик усталар билан елкама-елка ишлаётган усталаримиз улардан иш ўрганишмоқда. Иккинчидан икки қардош халқ вакиллари орасида дўстлик мустаҳкамланмоқда. Хўжанд қалъаси гумбазлари, салобатли биноларидаги нақшлар, кошинлар самарқандликлардан катта хотира бўлиб қолади. Улардан олдин қалъада Фарғона вилоятининг Риштон шаҳридан келган кулоллар ишлашганди. Биз ўзбекистондик дўстларимиз билан ҳамкорликдан хурсандмиз”, дейди Иброҳимжон Иброҳимов гапида давом этиб.
Ҳозир Хўжанд қалъасидаги улкан қурилишда Самарқанддан келган иккита гуруҳ ишлаяпти. Бу гуруҳлардан бирига Самарқандда таниқли устабоши бўлиб танилган Шаҳобиддин Амриддинов бошчилик қилади.
- Биз хўжандлик ҳамкасблар билан анчадан буён ҳамкорлик қиламиз. Шунинг учун Хўжанд қалъасида ишлаш таклифини жон-дилимиз билан қабул қилдик. Ҳозир қалъада қирқ нафарга яқин самарқандлик усталар ишламоқда. Менинг гуруҳимдаги усталарнинг кўпи Самарқанд шаҳри ва Тайлоқ туманидан. Меҳмондўст хўжандликлар бизга зарур шароитни яратиб беришди, - дейди Шаҳобиддин Амриддинов.
Усталар билан суҳбат жараёнида бир неча марта самарқандлик таниқли кошинкор уста Анвар Қулиев номи тилга олинди. Шаҳобиддин кошинкорлик, ганчкорликни дастлаб ҳали ўн саккиз ёшида моҳир уста Сайдали Мирзаевдан ўргангани, иккинчи устози эса, Анвар Қулиев бўлганини, уларнинг маслаҳати билан Самарқанд меъморчилик институтини битирганини миннатдорчилик билан эслади.
- Мен ҳам Қулиевлардан ҳунар ўрганганман. Ёшлигимдан ганчкорлик, нақкошлик, кошинкорликка қизиққаним учун ҳунар ўрганиш учун Самарқандга борганман. Анвар Қулиевнинг, жойлари жаннатдан бўлсин, ўғилларидан нафис санъатни ўргандим. Устозлар билан бирга Шоҳи Зиндада, Улуғбек мадрасасида нақшу нигорларни тиклаш ишларида қатнашдим, - дейди хўжандлик уста Мирзораҳим Қодиров.
Мирзораҳим самарқандлик устозларидан майолика, кошин тайёрлаш сирларини ўрганиб олди. Ҳозир бу маҳсулотлар Самарқанддан олиб келиниши билан бирга, Хўжандда ишга туширилган янги корхонада ҳам тайёрланмоқда.
Мирзораҳим самарқандлик усталарнинг иккинчи гуруҳи билан бирга ишламоқда.
- Айниқса, қалъадаги энг салобатли бино гумбазлари учун ишлатиладиган кошинларни, майоликаларни Самарқанддан олиб келяпмиз. Илгари майоликалар Тошкентда тайёрланарди. Ҳозир Самарқанднинг ўзида тайёрлаш йўлга қўйилди. Самарқанддаги корхона маҳсулотларидан Боқий шаҳарда фойдаланганмиз. Ҳозир Имом ал-Бухорий мажмуасида кенг ишлатиляпти, - дейди Шаҳобиддин Амриддинов.
Хўжанд қалъасида ишлаётган усталардан бири самарқандлик Раҳмон Рўзибоевнинг “Ер юзи сайқали”даги кўпгина обидаларда сеҳрли бармоқлари изи қолган.
- Мен Хўжанддаги тарихий жойда ишлаётганимдан хурсандман. Ҳали ўн тўрт ёшлигимда кошинкорлик, кошинбуриш, майоликага қизиқиб қолиб, Ёқуб ака Қулиевдан ҳунар ўрганганман. Энди бу ерда ҳам ишлаб, ҳам хўжандлик ёшларга ҳунар ўргатяпман, - деди Раҳмон Рўзибоев.
Хўжанд қалъасини қайта қуриш ишида лойиҳаловчилар, мутахассислар, олимлар, қадимшунослар, меъморлар, халқ ҳунармандлари, жумладан, наққошлар, кандакорлар, кулоллар, дурадгорлар, рассом ва ҳайкалтарошларнинг катта гуруҳи ишламоқда. 6 гектарлик қалъа ҳудудида музей, қадимий Хўжанд шаҳри уйлари намуналари, меҳмонхона, миллий чойхона, ҳаммом, турли хизмат кўрсатиш нуқталари ва бошқа иншоотлар бунёд этилмоқда.
Қалъани қайта қуриш жараёнидаги қазилма ишлари пайтида Хўжанд шаҳрининг камида 3 минг йиллик тарихга эга эканлигини исботловчи қадимий ашёлар, девор қолдиқлари топилди. Асрлар давомида қалъа турлича атаб келинган – “Диз”, “Куҳандиз”, “Ўрда”, “Қалъа” дебон. Қалъанинг умумий майдони 6 гектарга тенг.
Хўжанд қалъаси битганидан сўнг сўзсиз сайёҳлар севиб ташриф буюрадиган маконга айланиб қолади. Қалъа томошасига келган сайёҳларга ҳикоя қилиб берувчи гидлар эса, “Асрлар давомида Хўжанд ўтмишидан сўзлаб турувчи бу бино санъат асарларини яратганлар орасида самарқандлик ва риштонлик усталар ҳам бор”, дея таъкидлашлари, шубҳасиз.
Ўринбой УСМОН, Хўжанд