Самарқандликлар фирибгарликдан 50 миллиард сўмдан ортиқ зарар кўрган

“Огоҳ бўлинг, фирибгарлар” мавзусида ўтказилган профилактик тадбирда унинг кўлами кенгаймаслиги, олдини олиш ва бошқа масалалар хусусида сўз юритилди.

Тадбир Самарқанд давлат университетида “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши ҳамда Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, интернет орқали тарқаладиган фирибгарлик ҳолатлари ҳақида огоҳлантириш ва уларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилган тадбирни халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Мавлон Бобохонов очиб, йиғилганларга фирибгарликнинг сўнгги шакллари ва уларнинг хавф-хатарлари ҳақида ўз фикрларини ўртоқлашди.

У интернет орқали амалга оширилаётган фирибгарлик ҳолатларининг сезиларли даражада кўпайгани, айниқса, шахсий маълумотларни ўғирлашга қаратилган вируслар ва зарарли дастурлар таъсири остида одамлар кўп зарар кўришини таъкидлади.

Тадбирда Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси бош мутахассиси Фарҳод Мизаев ва Асрор Суяров, “Адолат” партиясининг ҳудудий кенгаш раиси ўринбосарлари Лола Саидова ва Асқар Холиқов иштирок этди. Тадбир давомида, бугунги кунда фирибгарлик ҳолатлари интернет ва мобил тармоқлар орқали кенг тарқалганлиги таъкидланди.

- Ҳозирги кунда фирибгарликнинг олдини олиш учун жамоатчиликни ўқитиш ва интернет хавфсизлиги бўйича мунтазам равишда тренинглар ўтказиш жуда муҳим, - дейди Ф.Мирзаев. - Вилоятда фирибгарликдан кўрилган 50 миллиард сўмлик зарар буни тасдиқлайди. Биз фуқароларни интернет тармоғида эҳтиёткорликка чақирган ҳолда, уларнинг ҳимоя воситаларини доимий равишда янгилаб туришларини тавсия қиламиз.

Тадбирда фуқароларга интернетдан хавфсиз фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Фирибгарликдан ҳимоя қилиш учун жамоатчиликни онгли равишда огоҳлантириш, шу билан бирга, интернет хавфсизлиги маданиятини шакллантиришни давом эттиришга қарор қилинди.

“Адолат” СДП вилоят кенгаши матбуот хизмати.