Аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш - бош мақсадимиз
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан вилоят Кенгаши ҳамда туман ва шаҳарларга сайланган депутатлар йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда дастлаб "Адолат" СДП вилоят кенгаши раиси Ҳ.Оқбўтаев жорий йилги сайловларда ўрин эгаллаган депутатларни масъулиятли вазифалари ҳақида гапирди.
- Депутат биргина йўналишда эмас, кўп жиҳатдан фаол бўлиши лозим, - деди Ҳиммат Оқбўтаев. - Сайловчилар билан доимий ишлаш, таклифлар, фикрлар бериш бир йўналиш бўлса, одамларнинг муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топишга кўмаклашиш яна бир масаладир. Улардан депутатлик сўрови ва яна ўз ваколатлари доирасида вазифаларни амалга ошириш ҳам талаб этилади. Халққа яқин бўлишнинг йўналишлари кўп. Одамларнинг муаммосини ўргандим, сайловчилар билан учрашдим, ишим шу, деб ўйлаганлар адашади. Аҳоли манфаатларини қонунан ҳимоялаш бош мақсадимиз бўлиши керак.
Шундан сўнг сайлов, унинг натижалари ҳамда партиянинг асосий вазифалари, депутатлар билан боғлиқ йўналишлари, депутатлик гуруҳи фаолиятини самарали ташкил этиш ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Шунингдек, депутатларнинг аҳоли фаровонлиги, одамларнинг келажаги, яхши турмуш кечириши учун масъулиятини ошириш, бу борада ҳақ-ҳуқуқларидан тўлиқ фойдалана олишлари, жойлардаги муаммоларни бартараф этиш учун тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари жўнатиб, унинг ижросини таъминланишини назорат қилишда нималарга эътибор бериш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш сўнгида депутатлар билан келгуси йилда қилинадиган вазифалар белгиланиб олинди ҳамда барча ҳамжиҳатликда, халқ фаровонлги учун бирлаши фаолият олиб бориши зарурлиги айтилди.