Қонунчилик палатаси депутатлари сайловчиларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганди
Депутатларнинг сайловчилар билан тез-тез учрашиб, юзма-юз мулоқотларда улар билан фикрлашиш, фуқароларнинг мурожаатлари, таклифларини ўрганиш ҳудудлардаги ижтимоий ҳаётнинг муҳим масалаларини аниқлашга ёрдам беради.
Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Шуҳрат Полвонов ҳамда Музаффара Абдиевалар Паст Дарғом ва Нуробод туманларида бўлди. Ҳудудларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан яқиндан танишиб, фуқароларнинг ўй-ташвишлари билан қизиқди.
Халқ депутатлари туман Кенгашига “Адолат” СДПдан сайланган депутатлари ҳамроҳлик қилган учрашувларда Музаффара Абдиева дастлаб Боғишамол оилавий шифокорлик пунктида бўлди.
Туман марказидан 30 километр масофада жойлашган тиббий муассаса хизмат кўрсатиш радиуси 15 километр экан. Бу ерда моддий-техник базани мустаҳкамлаш, тиббий асбоб-ускуналар таъминоти, иситиш масалаларида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар мавжуд.
Кейинги манзил - фуқаролик ишлари бўйича Паст Дарғом тумани суди ҳамда туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш аҳволи билан қизиқди, соҳани янада такомиллаштириш борасида мутасаддиларнинг таклифларини олди.
Шу билан бирга "Адолат" СДП Паст Дарғом тумани Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йўл бўйларига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш ишларида иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Полвонов дастлаб Паст Дарғом туманидаги Манғитобод, Парча Қора, Парча Чандир, Нов Чандир маҳаллаларидаги фуқаролари билан учрашиб, уларнинг мурожаатларини тинглади. Сайловчилар томонидан кўтарилган 18-мактабга қўшимча бино ва битта трансформатор зарурлиги, 29-мактабга кураш мати ва спорт залини таъмирлаш масалалари юзасидан депутатлик сўрови чиқаришини билдирди.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Манғитобод ва Парча Чандир маҳаллаларига сув минораси иншоотни қуриш учун тегишли ташкилотларнинг мутасадди вакиллари билан мулоқот олиб борди. Амалга оширилиш лозим бўлган ишлар борасида ушбу маҳаллаларнинг ҳоким ёрдамчиларига тавсиялар берди.
Шундан сўнг депутат Нуробод туманига борди.
- Маҳалламиздан 80 дан ортиқ фуқаролар учрашувда иштирок этди, - дейди "Булоқбоши" маҳалласи раиси П.Эргашев. - Уларнинг ҳар бири ўзининг мурожаати билан келганди. Фуқаролар йўл, электр таъминотидаги муаммолар, эскирган симёғочларни янгилаш, давлат боғчаси қуриш, маҳаллани газлаштириш, суюлтирилган газ баллонлари етишмаслиги, ёшларга ер ажратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар учун янги иш ўрни яратиш, ичимлик суви билан таъминлаш, мактабга спорт зал зарурлиги борасида қилинган ҳар бир мурожаатга депутат алоҳида эътибор қаратди. Муаммоларни шу жойнинг ўзида мутасаддилар билан боғланган ҳолда ҳал этиб бергани эътирофга лойиқ.
“Адолат” СДП Самарқанд вилояти Кенгаши ахборот хизмати.