Самарқандликларнинг иккинчи жаҳон урушига қўшган ҳиссаси
Урушнинг биринчи кунларидаёқ фронтга кетганлар орасида Боғишамол тумани раҳбар ходимларидан Зиёбоев, Самарқанд шаҳар ёшлар қўмитасининг собиқ котиби Р.Каримов, Самарқанд давлат университетининг собиқ ректори А.Валиев, шу олийгоҳ илмий ходимлари М.Бурнашев, Т.Холиқов бор эди. 1941 йил 1 августгача самарқандликлар фронтга кўнгиллилар қаторида жўнатишларини сўраб, туман, шаҳар ҳарбий комиссариатларига 3 мингдан кўпроқ ариза бердилар.
"Ҳамма нарса фронт учун" шиори остида бошланган ҳаракат туфайли 1941 йилнинг декабрида Самарқанд вилоятидан 6751 килограмм кишмиш, 22 минг 309 килограмм қуруқ мева, 1 034 килограмм гуруч, 5 914 килограмм сабзавот ва 2 475 сўм нақд пул фронтга юборилди. 1942 йил давомида ёрдам янада кучайтирилиб, озиқ-овқат ва кийим-кечак ортилган 85 вагон фронтга жўнатилди.
Самарқандлик хотин-қизлар ташаббуси билан 3 000 та калта пўстин, 8 000 та пийма, 7 000 та телпак, 9 000 жуфт қўлқоп, 5 000 та пахтали шим ва 17 минг жуфт пайпоқ жангчиларга етказиб берилди.
Самарқанд меҳнаткашларининг юксак фазилатларидан бири шу бўлдики, уруш туфайли вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқлардан 165 минг кишини, шунингдек, ота-онасиз қолган 20 мингдан зиёд болани ўз бағрига олди. Жумладан, Каттақўрғон шаҳрида яшаётган Ҳамид Саматовнинг оиласи 13 нафар етим болани ўз фамилиясига олиб тарбиялади.
Собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларидан кўчириб келтирилган, ота-онасидан ажралиб қолган болаларни жойлаштириш учун вилоятда 8 та болалар уйи, 50 дан зиёд қўшимча синфлар ташкил этилди.
Урушдан озод қилинган ерларга ҳам Ўзбекистон халқи томонидан катта ёрдам кўрсатилди. 1943 йилда Россия, Украина ва Белорусия шаҳар ва қишлоқларига Самарқанд вилоятидан 31 минг 600 бош қорамол, 1 200 та от, 800 бош ҳўкиз, 8 000 қўй ва эчки юборилди.
Уруш йилларида самарқандлик жангчилар оиласига ёрдам кўрсатиш бўйича катта тадбирлар амалга оширилди. "Ленин йўли" (ҳозирги "Зарафшон") газетасининг 1942 йил 28 ноябрдаги сонида ёзилишича, 1942 йилнинг август-ноябрь ойларида Булунғур туманида 1238 ҳарбий хизматчи оиласи уйи таъмирланган. Уларга 10 тонна ғалла, 12 тонна арпа, 11 тонна жўхори берилди. 89 оилага сигир ва 469 оилага эчки ажратилган.
Ўша даврга оид ҳужжатларда қайд этилишича, 1943 йилда Самарқанд вилоятида 32 минг 512 нафар ҳарбий хизматчи оиласи нафақа билан таъминланган. Улардан 10 минг 551 нафари кексайиб қолган ота-оналар, 15 минг 527 нафарини болалар ташкил қиларди.
Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонликлардан 85 нафари жангларда кўрсатган жасорати учун собиқ иттифоқ қаҳрамони бўлди. Жумладан, самарқандлик Боис Эргашев, Эшонқул Исмоилов, Очил Қодиров, Алибой Қарабоев, Тоганбой Каумбоев, Аҳмаджон Қурбонов, Ровшан Махмудов, Бакир Мустафоев, Пиримқул Нурмонов, Қудрат Суюнов, Астонқул Хушназаров ана шундай юксак мукофотга сазовор бўлди.
Юқоридаги ва бошқа маълумотлар Ўзбекистон халқи, жумладан, самарқандликлар ҳам Иккинчи жаҳон уруши йилларида жангларда жасорат, меҳнатда фидокорлик кўрсатганлиги, бағрикенглик қилганидан далолат бериб туради. Ушбу жараёнларда фаол қатнашган, фидойилик кўрсатган юртдошларимиз – Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари бугун давлатимиз ва халқимиз эъзозида ҳаёт кечирмоқда. Бугун барчамиз ана шу инсонларга таъзим қиламиз, улардан чексиз миннатдормиз.
Шокир ҒАФФОРОВ,
Самарқанд давлат тиббиёт институти профессори,
тарих фанлари доктори.