Самарқанднинг 2026 йил учун бюджети тасдиқланди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишини Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарди.

Сессияда дастлаб вилоятнинг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси бош инспектори Н.Икромов, вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаев “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга кўра, вилоят маҳаллий бюджетининг 2026 йилги даромадлари 7 триллион 200 миллиард сўм ва харажатлари 8 триллион 903 миллиард 300 миллион сўм этиб белгилангани, республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 1 триллион 703 миллиард 300 миллион сўм миқдорида, шундан акциз солиғи тушумлари ҳисобидан ажратиладиган трансфертлар 406 миллиард 9 миллион сўм миқдорида тасдиқланганлиги, вилоят бюджети захира жамғармаси ҳажми 47 миллиард  900 миллион сўм миқдорида бўлишини қайд этдилар.

Вилоят бюджетидан энг кўп маблағ оладиган соҳалар – мактабгача ва мактаб таълими ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари М.Ҳамдамов ва С.Зайниев сўзга чиқиб, ажратиладиган маблағлардан самарали ва оқилона фойдаланилиши юзасидан зарур чоралар кўрилишини билдирдилар.

Шундан сўнг вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Ф.Бобоев вилоятнинг 2026 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсати тўғрисида ҳисобот берди. Бошқарма бошлиғи маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг келгуси йил учун ставкаларини эълон қилиб, депутатлардан уларни тасдиқлаб беришни сўради.

Сессияда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги  қонунга кўра, Кадастр агентлигининг “Эътироф” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали келиб тушган ҳужжатлар асосида 693 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотга бўлган мулк ҳуқуқи қонуний тартибда эътироф этилди.

Кун тартибидаги “2026 йилда Самарқанд вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури тўғрисида”ги ҳамда “Самарқанд вилоятида “Зарбдор тажрибаси” асосида саноат, хизмат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга ошириладиган драйвер лойиҳалар бўйича таклифларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш ҳақида”ги масалалар юзасидан вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари А.Рашидов ахборот берди.

Депутатлар келгуси йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг 8 фоизга ўсишини таъминлаш, ишсизлик даражасини 3,2 фоизга ва камбағаллик даражасини 2,5 фоизга пасайтиришга қаратилган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини тасдиқладилар.

Шунингдек, “Зарбдор тажрибаси” асосида 2026 йилда саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишларида тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга туртки берувчи лойиҳалар, драйвер лойиҳалар учун қуриладиган инфратузилма объектларини молиялаштиришнинг манзилли рўйхати тасдиқланди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.