Самарқанднинг экологик “яраси” ёхуд лоқайдлик, масъулиятсизлик, бепарволикнинг оқибатлари хусусида

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ташаббуси билан ташкил этилган жамоатчилик назорат гуруҳлари яқинда Самарқанд шаҳрининг халқ тилида “За линия”, деб аталувчи ҳудудидаги маҳаллалар аҳоли турмуш тарзини ўрганди.
Улар ҳар бир хонадонга кириб, халқ билан мулоқот ўтказишди. Суҳбатлар жараёнида фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Айни пайтда шаҳар ҳокимлиги, тегишли корхона ва ташкилотлар, бўлим ва бошқармалар фуқароларнинг муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш чораларини кўрмоқда. Қўлимизга тушган икки мурожаат икки маҳалладан бўлса-да, бир хил муаммо — маҳалла ҳудудидан ўтган коллекторнинг чиқиндига тўлгани оқибатида келиб чиқаётган ноқулайликлар ва уларни бартараф этиш билан боғлиқ.
Мурожаатда кўтарилган муаммоларни жойига чиқиб ўргандик.
Сайқал ва Ёшлар маҳаллалари чегарасида коллектор-дренаж сувлари оқадиган ариқ бор. Бу ариқдан яқин ўтмишгача кўм-кўк, зилол сув оққан. Булоқнинг бошланиш қисми Боғишамол мавзесида бўлиб, у ғарбдан шарққа оқиб, 3-4 километр масофадаги ўз йўли атрофида жойлашган корхона-ташкилот, хонадонлардан чиқаётган оқова сувларни ҳам оқизиб кетарди. Бироқ кейинги йилларда шаҳарда қурилиш ишлари кўламининг кенгайиши, фуқароларнинг ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари олиб бориши оқибатида бу сув йўли ёпилиб қолмоқда.
— Уйимизнинг қаршисидаги жарликка ҳар куни 5-6 машина қурилиш ва маиший чиқиндиларни тўкиб кетишаяпти, - дейди Сайқал маҳалласида яшовчи Санобар Дониёрова. — Мана, бугун куппа-кундузи қариндошимнинг маъракасидан қайтгунимча 2-3 машина чиқиндини тўкиб кетишибди. Бу ҳақда кўплаб идораларга мурожаат қилдик, аммо натижа бўлмаяпти.
— Бу йилги ёғингарчилик мўл бўлган даврда коллектор суви бир неча метр кўтарилиб, атрофдаги 15 та хонадонга жиддий хавф солди, — дейди вилоят ҳокимлиги жамоатчилик гуруҳига мурожаат қилган Гагарин кўчаси, 1-тор йўлак, 20-уйда истиқомат қилувчи Наталья Часовских. — Коллекторни тозалаш чоралари кўрилмаяпти. Бу ишни ким бажариши керак? Мурожаат қила-қила чарчадик.
Наталья Часовских хонадони йўлакнинг охирида, коллектор ёқасида жойлашган. Ҳозирги аҳволда коллекторни қўл кучида тозалаш учун шароит ҳам, имконият ҳам йўқлиги аниқ кўриниб турибди. Негаки, коллекторнинг ичи ва икки қирғоғи буталар ва дарахтлар билан қопланиб, қалин чакалакзорга айланиб кетган. Бунинг устига Наталья Часовских ва унинг қўшнилари ариқнинг қирғоқларига қадар қўшимча иморатлар қуриб ташлаган.
Ушбу муаммо бўйича “Сайқал” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Толиб Ҳайитбоевнинг фикрлари билан қизиқдик.
— Ариқнинг ўнг қирғоғи баланд жарлик. Бу жарлик атрофида фуқароларнинг уйлари ҳам жойлашган. Шунга қарамасдан анча вақтдан буён Ёшлар маҳалласи тарафдан чиқиндилар тўкилиши ҳолатлари давом этмоқда, — дейди Т.Ҳайитбоев. — Бу ҳақда “Ёшлар” маҳалласи раисига бир неча бор мурожаат қилдим. Оғзаки мурожаатларимдан натижа чиқмади. Қолаверса, шу маҳалла ҳудудида катта ҳажмдаги қурилиш ишлари бажарилмоқда. Қурувчилар қурилиш чиқиндиларини белгиланган жойга тўкмасдан, мана шу жарликка тўкишяпти. Билмадик, улар бу ишни онгли равишда бажаришяптими ёки бирор раҳбардан кўрсатма бўлганми?!
Дарҳақиқат, чиқиндиларнинг асосий қисми ариқнинг ўнг тарафида, жарлик устида олиб борилаётган қурилиш иншоотларининг чиқиндилари ҳисобланади. Бундан ташқари, ҳар иккала маҳалла аҳолиси ҳам ўйлаб ўтирмасдан маиший чиқиндиларни ариққа тўкади. Айрим фуқаролар ариққа чиқинди ташлаётгани камлик қилгандек, ҳожатхоналарини ҳам ҳовлидан ариқ бўйига чиқариб қурган.
Худди шу каби ҳолатни Майсазор ва Меҳнат маҳаллалари ўртасидан оқиб ўтувчи коллекторда ҳам кузатдик.
— Икки маҳалла чегарасидаги коллектордан темирйўл вокзали атрофидаги корхона-ташкилотлар, хонадонлардан чиқаётган оқова сувлар оқади, — дейди жамоатчилик гуруҳига ушбу масалани кўтариб чиққан Майсазор маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нормуҳаммад Қосимов. — Эни 40-50 метр, узунлиги 1,5 километрни ташкил этувчи ушбу коллектор қачон тозаланганлигини ҳеч ким эслай олмаса керак. Муаммони ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотлар, жумладан, шаҳар санитария-эпидемиология назорат маркази, экология, архитектура, “Сувоқова”, ер тузиш ва кадастр ташкилотларига бир неча бор мурожаат қилдик. Ҳатто, биргаликда ишлаш учун таклифларимизни ҳам билдирдик. Аммо, натижа бўлмади.
Маҳалла етакчиси билан коллектор соҳилига борганимизда ариқнинг қадам босиш мумкин бўлмаган чангалзорга айланганлигининг, ундан димоқни ёргудек бадбўй ҳид тарқалиб турганлигининг гувоҳи бўлдик. Шуниси ачинарлики, Майсазор кўчаси ҳамда қўшни “Меҳнат” маҳалласидаги ҳовли ва хонадонларнинг этаги аксарияти коллектор билан туташиб кетган. Хонадон эгаларининг ўзбошимчалиги туфайли сув йўлининг муҳофаза зонаси аллақачон “ўзлаштирилган”. Майли, агар бу ўзбошимчалик ободончилик мақсадида амалга оширилганида ҳеч кимда эътироз туғилмас эди. Коллектор юриб бўлмас бутазор ва чангалзорни эслатади. Унинг тубида оқаётган сувни ўз номи билан аташ мумкин эмас! Аҳолининг айтишича, бу ер бугунги кунда каламуш, сичқон, илон ва бошқа касаллик тарқатувчи заҳарли ва зарарли жонзотлар маконига айланган. Мазкур ариқдан оқаётган оқова сув тармоғи қаердан бошланганини ҳеч ким билмайди. Бу ҳақда шаҳар “Сувоқова” корхонаси бошлиғи Жавоҳир Зугуровга мурожаат этганимизда юқорида тилга олинаётган муаммоли ҳудудларда марказлашган канализация тизими йўқлигини айтди. Агар ҳақиқатан ҳам бу ерда давлат томонидан назорат қилинадиган канализация тизими бўлмаса, корхоналар, хонадонлардан чиқаётган ва оқими коллекторга тўғрилаб қўйилган ушбу қўлбола канализация тизимини ким назорат қилади?
Агар аҳвол шу зайлда давом этса, юқорида таъкидланган касаллик тарқатувчи жонзотлар таъсирида турли юқумли касалликлар кенг тарқалса, бундан нафақат “За линия”дагилар, балки “До линия”дагилар ҳам азият чекади-ку! Биз юқорида тилга олган муаммо оддий тилда айтганда маддалаб бораётган хавфли ярага ўхшайди. Уни бугуннинг ўзида даволамасак, оқибати бундан-да, аянчли бўлиши мумкин.
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
Қувондиқ ХАЛИЛОВ.