Самарқанднинг энг фаол ишбилармон аёллари аниқланди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси лойиҳаларидан бири “Ишбилармон аёл” кўрик-танловига ўн йил тўлди.
Ушбу лойиҳа 2016 йилдан буён ЎзЛиДеП, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўтказиб келинмоқда.
Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида Самарқанд шаҳридаги "Ҳунармандлар маркази"да “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида “Ишбилармон аёл – 2025” кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилди.
Танловда туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 14 нафар ишбилармон хотин-қиз иштирок этиб, ўз соҳаларида эришган ютуқлари ва тажрибаларини намойиш қилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зебунисо Раҳмонова ҳамда ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши раиси Илҳом Ботиров сўзга чиқиб, танловнинг аҳамияти, унинг аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришдаги ўрни ҳамда ўтган йиллар давомида эришилган натижалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланишича, ўтган 10 йил мобайнида вилоятнинг 2 минг нафардан зиёд хотин-қизлари “Ишбилармон аёл” танловида иштирок этган. Шулардан 95 нафари вилоят босқичида ғолиб ва совриндор бўлган бўлса, 11 нафари республика босқичида фахрли ўринларни эгаллаган.
Жорий йилги танловда 740 нафардан зиёд ишбилармон хотин-қиз кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик ва бошқа йўналишларда эришган ютуқлари билан иштирок этиб, 14 нафари вилоят босқичида беллашди.
Натижаларга кўра, биринчи ўринни қўшработлик Зебунисо Абдураззоқова қўлга киритган бўлса, кейинги ўринлар ургутлик тикувчи Муқаддам Жабборова ҳамда тойлоқлик фермер Мавлуда Ҳайдаровага насиб этди.
- 15 йилдан бери қандолатчилик билан шуғулланаман, - дейди Зебунисо Абдураззоқова. - Уйимизда қандолатчилик цехи ташкил қилганмиз. 10 нафар доимий ишчимиз бор ва эҳтиёждан келиб чиқиб, ёлланма ишчилар оламиз. Маҳсулотларни кўпроқ тўй-базмлар учун олишади, шунингдек, вилоят ва республикамиз бозорларига сотамиз. Фаолиятим давомида 100 нафардан зиёд шогирд тайёрлаганман ва ҳозир ҳам ёшларга ширинлик ва турли пишириқлар тайёрлашни ўргатяпман.
Тадбир давомида 5 нафар хотин-қиз турли номинациялар бўйича ва 40 нафардан зиёд ишбилармон аёллар эсдалик совғалари, ташаккурномалар билан тақдирланди.