Мамлакат бор-у, аҳоли йўқ: Дунёдаги аҳоли зичлиги паст давлатлар

Ер юзидаги аҳоли сони йилдан-йилга кўпайиб бориши билан бир қаторда, янги ҳудудлар ўзлаштирилиб, шаҳарлар қуриляпти, минглаб халқлар ёнма-ён яшаб, ўз маданий меросини асраб-авайлаб келмоқда. Бироқ дунёдаги ҳар бир мамлакат ҳам кўп сонли аҳолиси сони билан мақтана олмайди. Бу жойлар одамларга эмас, ерга бой.
Гренландия
Аҳоли зичлиги: 1 квадрат километрга 0,14 киши.
Гренландия аҳоли зичлиги энг паст бўлган мамлакатлар орасида биринчи ўринда туради. Катталигига қарамай, дунёдаги энг катта орол унвонига даъвогарлик қилиш имкони бор улкан ҳудуд аҳолиси камлигича қолмоқда. Бу ердаги абадий қиш 2,5 миллион йил олдин бошланган, оролнинг тахминан 80 фоизини муз қатлами қоплайди ва фақат кичик бир қисми нисбатан иссиқ ёзни бошдан кечиради: Ёзда ҳаво +21 даражагача қизиши мумкин. Орол-мамлакатнинг марказий қисмида мисли кўрилмаган совуқ ҳукмронлик қилади: қишда ўртача ҳарорат -50 даражага етади, ёзда эса -12 даражагача "исийди".
Монголия
Аҳоли зичлиги: 1 квадрат километрга 2,14 киши.
Ўзининг кўчманчи анъаналари билан дунёга машҳур Монголиянинг ҳудуди даштлар ва Гоби чўли билан ўралган, аҳоли зичлиги пастлигининг асосий сабаби ҳам мамлакат ландшафти билан боғлиқ. Ҳудуди бўйича дунёда 18-ўринни эгаллайдиган давлат аҳолиси паст зичлик бўйича дунёда иккинчи ўринда туради.
Қадим замонлардан бери мўғул қабилалари яшаш учун қулай бўлган ҳудудларга жойлашиб олган. Айниқса, иқлим ва унумдор тупроқ қадрланган, мантиқан, мамлакатнинг асосий замонавий шаҳарлари тупроқ ва сув ресурслари билан таъминланган, лекин давлат ҳудудининг тахминан 98 фоизида ҳеч ким яшамайди.
Австралия
Аҳоли зичлиги:1 квадрат километрга 3,35 киши.
Австралиянинг ички қисми асосан чўл ёки ярим чўл бўлиб, аксарият одамлар қирғоқ бўйи шаҳарларда истиқомат қилади, натижада аҳолининг ўртача зичлиги ҳар квадрат километрга 3 кишини ташкил қилади.
Австралия 7 миллион квадрат километрдан ортиқ майдонни эгаллаган ҳудуди билан дунёдаги олтинчи йирик давлат бўлиб, унинг аҳолиси бор-йўғи 23 миллион кишини ташкил этади. Бу рақам уни дунёдаги энг кам зич жойлашган давлатларнинг бирига айлантиради.
Франция Гвианаси
Аҳоли зичлиги: 1 квадрат километрга 3,62 киши.
Мамлакатнинг Амазон тропик ўрмонлари билан ўралган денгиз орти ҳудуди - Франция Гвианаси Жанубий Американинг шимолий қирғоғида жойлашган. Бу ернинг иқлими нам ва иссиқ, ҳаво ҳарорати юқори ва кучли ёғингарчиликлар одамларнинг яшаши учун қийин шароит яратиб, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни қийинлаштиради.
Исландия
Аҳоли зичлиги: 1 квадрат километрга 3,69 киши
Шимолий Атлантикадаги вулқон орол давлати ўзининг хушманзара, ўзга сайёралардагидек ландшафтлари ва геотермал фаолияти билан машҳур. Гренландия сингари, Исландия ҳудуди ҳам 90 фоиз муз билан қопланган, шу сабабли у ерда ҳам жуда кам сонли доимий аҳоли истиқомат қилади.
Ливия
Аҳоли зичлиги: 1 квадрат километрга 3,95 киши
Шимолий Африканинг катта қисмини эгаллайдиган ҳудуднинг муҳим қисми Саҳрои Кабир чўлидир. Сув ва унумдор тупроқнинг етишмаслиги одамлар ҳаётини қийинлаштиради, шу сабабли Ливия аҳолиси асосан ўсимликларга бой ҳудудларда яшашни афзал кўради ва улар жуда озчиликни ташкил этади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.