Самарқанднинг "Нафосат маликалари" аниқланди

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, вилоят маданият бошқармаси, «Тадбиркор аёл» уюшмаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган танловда асосий эътибор жамиятимизнинг турли жабҳаларида фаолият юритаётган хотин-қизлар фаолияти, уларнинг кийиниш маданиятига миллий ва замонавий руҳни олиб кириш ҳамда менталитетимизга мос янги бичимларни жорий қилишга қаратилди.

Танловда иштирок этган 20 нафар малакали дизайнер ишбилармонлик, етакчилик, ижодкорлик бўйича беллашди ва ўз эскизларини тақдим этди.

Танловда Самарқанд шаҳрилик дизайнер Дилноза Тошпўлатова биринчи, жомбойлик Гўзал Маматова иккинчи, яна бир Самарқанд шаҳрилик иштирокчи - Ойширин Сулаймонова учинчи ўринга муносиб топилди.

- 15 йилдан бери тикувчилик билан шуғулланаман, - дейди танлов ғолиби. «Ноза ипак гавҳари» оилавий корхонаси раҳбари Дилноза Тошпўлатова. -  Фаолиятимни кенгайтириш, малакали шогирдлар етказиш ҳамда маҳсулотларимизни бозорга чиқариш мақсадида оилавий корхона очдим. Бугунги кунда 5 нафар ишчи ва 10 нафарга яқин шогирдларим бор. Яқинда 100 миллион кредит олиб, матога безак берадиган лазер технологияли тикув машинасини сотиб олдим. Насиб бўлса, миллийлигимиз уйғунлаштирилган замонавий, европа услубидаги либосларни тикиб, жаҳон бозорига чиқмоқчиман.