СамДАҚУ ва HENGDA ўртасида йирик ҳамкорлик лойиҳаси имзоланди

Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ва Хитойнинг HENGDA Қурилиш сифатини назорат қилиш бюроси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Ушбу келишув асосида Қурилиш муҳандислик сифатини назорат қилиш илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. Институт Марказий Осиё минтақасидаги илғор лабораториялардан бирига айланиши, қурилиш лойиҳалари учун сифат назоратини амалга ошириши, талабалар ва олимлар учун амалиёт ва тадқиқот майдони бўлиши кўзда тутилмоқда.

Шартномага кўра, HENGDA компанияси томонидан 4 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши режалаштирилган. Дастлаб 1 миллион долларлик техник ускуналар етказилади.

Университет эса институт фаолияти учун 2000 кв.м тадқиқот майдони, 200 кв.м офис, яшаш ва инфратузилма шароитлари билан таъминлайди.

Институт биргаликда бошқарилади: HENGDA улуши —  ускуналар, СамДАҚУ улуш — жой ва илмий кадрлар.

Шунингдек, талабаларга амалиёт ўринлари яратилади, илмий лойиҳаларда ҳамкорлик қилинади, халқаро анжуманлар ва форумлар ташкил этилади.

Ушбу келишув “Бир макон — бир йўл” ташаббуси доирасида Хитой–Ўзбекистон илмий-таълим ҳамкорлигининг амалий натижаси бўлиб, минтақавий тараққиётга ҳисса қўшади.