СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтида 2500 туп кўчат экилди

Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари, талабалари Президентимиз томонидан эълон қилинган “Яшил макон” дастури доирасида 2022 йилда олис Қўшработ туманида 5 гектар майдонга 1500 туп, Нуробод тумани даштида 12 гектар ерга 5000 туп мевали ниҳол экиб, боғ яратган эди.

Бугун ушбу дастурнинг давоми сифатида Жомбой туманида жойлашган СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтида 1 гектар ерга 2500 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, боғ яратилди.

Мазкур боғ илм-фанга асосланган бўлиб, аҳоли ўртасида экологик саводхонликни шакллантириш, табиатга дахлдорлик туйғусини уйғотишга қаратилган.

- Бугун нафақат юртимизда, балки бутун дунёда экологик муаммолар кучаймоқда. Ҳавонинг ифлосланиши, сувнинг камайиши, озиқ-овқат танқислиги, ер ва тупроқ унумдорлигининг пасайиши кузатилмоқда, - дейди Рустам Холмуродов. – Бу каби муаммолар яшаш имкониятимизни қийинлаштириб, ҳаёт сифатини пасайтиради. Буларга барҳам бериш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ишлаб чиқилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Қадимдан аждодларимиз она табиат билан ҳамоҳанг бўлиб яшаганлар. Афсуски, бугунги кунда табиатга нисбатан истеъмолчилик кайфияти кучайиб бормоқда. Иқлим ўзгариши туфайли юзага келаётган турли муаммолардан бутун инсоният қаттиқ азият чекмоқда. Бундай ҳолат барчамиздан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этади”. Жойларда барпо этиладиган боғлар ҳавонинг тозалаши билан бирга ҳудуддаги озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини ҳам ҳал этишга ёрдам беради. Ҳар бир инсон битта дарахт кўкартирса ёки экологик маданиятга риоя қилса, мақсадга эришган бўламиз.

- Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтида боғ барпо этилиши назария ва амалиётни уйғунлаштирилган тарзда олиб боришга имконият яратади, - дейди институт директори, доцент Тошпўлат Ражабов.

Самарқанд давлат университети ахборот хизмати.